Геморрагик диатез [юн. haimorrhagikos – қон кетишига мойил, diathesis – мойиллик] – қон кетишига мойиллик билан давом этадиган турли ҳолатлар (тери, бўғимларга қон қўйилиши; бурун, милк қонаши, бачадон, буйракдан қон кетиши, пичоқ кесганда, тиш олдирганда кўп қон кетиши). Арзимаган сабаб (масалан, кичик жароҳат ёки лат ёйиш) билан тўсатдан қон оқиши ёки тўқимага қўйилиши мумкин. Геморрагик диатезда анчагина тўқималарга бир талай қон қўйилади, қон кетиши эса узоқ давом этиб, ҳадеганда тўхтатиб бўлмайди. Тўқималарга қон қўйилганда, масалан, тери ва шиллиқ қаватларда майда-майда нуқталар пайдо бўлади ёки улар «қонталашиб» қолади. Қон ивиш жараёни ҳамда томир девори ўтказувчанлигининг бузилиши натижасида рўй беради. Касаллик. ирсий (қ. Гемофилия) ёки ҳаётда орттирилган бўлиши мумкин. Ирсий геморрагик диатез яқин қариндошлар никоҳидан туғилган болаларда кўпроқ учрайди. Ҳаётда орттирилган геморрагик диатез қон тизими касалликларининг асорати бўлиши ва турли ёшдаги кишиларда учраши мумкин. Кўп қонаш ҳолати қоннинг ивиш хусусиятини пасайтирадиган дорилар қабул қилинганда, шунингдек, организмда витаминлар (хусусан, аскорбин кислота ва рутин) етишмаганда, овқат таркибида янги сабзавот ва мевалар бўлмаган ҳолларда ҳам кузатилади. Касаллик сабабини фақат шифокор аниқлаб, даво тайинлайди. Геморрагик диатез витамин етишмаслиги окибатида юзага келган бўлса, аскорбин кислота ва рутинга бой овқатлар (янги олма, қора смородина, наъматак, цитруслар ва бошқа(лар)) ёйиш тавсия этилади. Касалликнинг олдини олиш учун тиббиёт-генетика маслаҳатхонаси мутхассисларига учрашиш; ҳаётда орттирилган хилида юзага келтирган омилларни бартараф этиш лозим.
[addtoany]