Гидронефроз

Гидронефроз [гидро… ва юн. nephros – буйрак] – буйрак истискоси. Буйрак жоми ва косачаларининг кенгая бориши натижасида буйрак ўлчамининг катталашавериши билан намоён бўлади. Асосан, буйрак жомининг сийдик найига ўтиш қисмида (пиелоуретерал сегмент) механик тўсиқ борлиги гидронефрозга сабаб бўлади. Шу соҳада тош туриб қолиши ёки ўсма пайдо бўлиши хам гидронефрозга олиб келади. Касаллик чақалоқларда ҳам, катталарда ҳам учрайди. Бу, асосан, механик тўсиқнинг катта-кичиклиги ва тўсилиб қолган соҳанинг қанчалик торайганлигига боғлик. Гидронефрозда болалар баъзан безовта бўлиб, корни ёки киндик атрофи симиллаб оғрийди. Катта ёшдагиларда эса гидронефроз бор тарафдаги бел соҳаси увишиб, оғрийди, вақт-вақти билан оғриқ кучайиши ҳам мумкин. Сийдикда лейкоцитлар, баъзан эритроцитлар пайдо бўлиб, вақт ўтган сари сийдик зичлиги камая боради. Беморнинг корни пайпасланганида буйрак қўлга ўйнаши мумкин. Кечиктирилган ҳолларда эса ҳатто қорин олд девори бўртиб туради. Ултратовуш ташхисда ва экскретор урограммада буйрак ксача-жом тизими кенгайганлиги қайд этилади. Ташхис қўйиш кечиккан сари буйрак тобора катталашавериб, ниҳоят, суюқлик билан тўла Халтачага ўхшаб қолади ва ўз фаолиятини йўқотади. Бу ҳолда жарроҳлик усули билан буйрак олиб ташланади.

Загрузка...