Ташхис, диагноз – касалликнинг хусусияти, моҳияти ва беморнинг аҳволи ҳақида врачлар берган қисқача таъриф, хулоса, касалликнинг номи. Беморни тўғри даволаш учун ташхис аниқ қўйилиши шарт. Тўғри ташхис қўйиш учун беморда касалликнинг ўтиш хусусиятларини билиш, касаллик белгиларини барча усуллар билан ўрганиш ва бошқа(лар) касалликларнинг белгиларига таққослаб кўриш керак. Ташхисни расмийлаштришда асосий касалликдан ташқари, унга қўшилган йўлдош касалликлар ҳам кўрсатилади. Эрта қўйилган (касалликнинг бошланғич белгиларига кўра), клиник (текширишлар натижасига асосланиб), дифференциал (фарқлаш), функционал (аъзолар функциясини текшириб), даво натижаларига қараб қўйилган, шунингдек, вафотдан кейинги (патологоанатомик) ва бошқа Т. лар фарқ қилинади. Ҳар қандай касалликни (масалан, ракни) ўз вақтида аниқлаб, тўғри Т. қўйилгандагина даволаш натижаси самарали бўлади.
[addtoany]