Гипертрофия [гипер… ва юн. trophe – озиқланиш] – аъзонинг тўқима элементлари (ҳужайралар, мушак толалари) ўсиши оқибатида шу аъзо ёки унинг бирор қисмининг катталашиб кетиши. Гипертрофияга, асосан, аъзонинг зўр бериб ишлаши сабаб бўлади.Бу жараённинг чин ва сохта, физиологик ва патологик турлари фарқ қилинади. Чин гипертрофия аъзо паренхимаси ҳисобига рўй берса, сохтаси аъзода оралиқ ва ёғ тўқима вужудга келишига боғлиқ. Сохта гипертрофияда аъзо фаолияти кучаймай, балки сусаяди. Масалан, жисмоний иш билан шуғулланувчи соғлом кишиларда, шунингдек, спортчиларда доимий зўриқиш таъсирида скелет ва юрак мушаклари катталашиб кетади (физиологик гипертрофия). Баъзи патологик жараёнларда (касаллик оқибатида келиб чиқадиган жараён) ҳам юкоридагига ўхшаш рўй беради. Юрак-томир тизими (юрак нуқсонлари, гипертония касаллиги) ва баъзи ўпка касалликларида патологик Г. кузатилади. Жуфт аъзолар (масалан, буйракнинг биттаси олиб ташланса, иккинчиси катталашиб, унинг вазифасини бажара бошлайди, яъни компенцатор Г. бошланади. Нейроэндокрин бузилишлар ҳам патологик ўзгаришларга га сабаб бўлади (қ. Акромегалия, Гирсутизм).
[addtoany]