Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти – халқаро тиббий ташкилот; Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ)нинг ихтисослашган махсус муассасаси. 1945 й. февралда БМТ конференциясида жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотини тузиш тўғрисида қарор қабул қилинган эди. 1946 й. да соғлиқни сақлаш бўйича Нью-Иоркда ўтказилган Халқаро конференцияда БМТга аъзо 26 та мамлакат ташкилот уставини ратификация қилгач, жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тузилди (1948.7.4). Шу кун бутун дунёда сиҳат-саломатлик куни сифатида нишонланади. Ташкилот ўз олдига «ҳамма халқларнинг иложи борича соғ-саломат бўлишига эришишни мақсад қилиб қўйган. Ушбу муассаса касалликларга қарши кураш олиб боради, уларни тугатиш тадбирларини кўради; атроф муҳит муҳофазаси, юқумли ва юқумсиз (сил, венерик ва паразитар касалликлар, юрак томир касалликлари, хавфли ўсмалар ва бошқа(лар))га қарши кураш учун халқаро стандартлар белгилаш, дори моддалар сифати ва қўшимча таъсири ҳамда наркотик моддалар устидан халқаро назорат ўрнатиш; тиббиёт фанининг энг муҳим масалалари (токсикология, фармакология, атроф муҳит гигиенаси ва бошқа(лар)) бўйича ҳамда соғликни сақлаш соҳасидаги тадқиқотларни координациялаш ва уларни ўтказишга кўмаклашиш ҳам бу муассасанинг вазифаси. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти халқаро карантин соҳасида қатор тадбирларни амалга оширади: чечак, вабо ва бошқа(лар) билан касаланиш ҳоллари тўғрисида мамлакатларга ўз вақтида хабар беради.

Ташкилот таркибига б регионал ташкилот киради. Улар ҳар бирининг ўз ижроия органлари ва регионал бюролари бор. Унинг олий органи – Жаҳон соғлиқни сақлаш ассаблеясини мамлакатлар сайлайди, унинг сессиси йил сайин чақириб турилади. Ташкилотнинг марказий маъмурий органи – Секретариатга (штаб квартираси Женевада) генерал директор раҳбарлик қилади. Ташкилот маблағининг асосий манбаи унга аъзо бўлган давлатлардан тушадиган бадал пулидир. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти жур. лар, бюллетенлар, номунтазам нашрлар чоп этади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси Ўзбекистон соғликни сақлаш вазирлиги биносида фаолият кўрсатади (1995 й. дан).

[addtoany]