Жағ

Жағ – 1) жағ-оғизли ҳайвонлар ва Одамда – юз скелетининг бир қисми. Жағ эволюция жараёнида дастлаб балиқларда ҳосил бўлган. Тоғайли балиқларнинг тоғайдан иборат бирламчи жағи плакоид тангачалардан вужудга келади. Суякли балиқлар, сувда ва қуруқликда яшовчилар, судралиб юрувчилар ҳамда қушларда юқори ва пастки жағнинг кейинги қисмида иккиламчи жағ ҳосил бўлади. Суякли балиқлардан бошлаб юқори жағ иккиламчи ҳисобланади. Бирламчи юқори жағ бош скелетининг танглай қисмига силжийди; судралиб юрувчилар, қушлар ва сут эмизувчиларда тишларини йўқотади. Айрим ҳайвонлар жағ ида тишлар бўлмайди; улар ўрнига мугуз тумшуқ ҳосил бўлади (қушлар). Одамда юз скелетидаги энг йирик суяк. Юқори ва пастки Ж. ларга бўлинади. Юқори Ж. нинг альвеоляр ўсиғида ва пасткиси танасининг тепа қирраларида тишлар турадиган катакчлар бор. Юқори Ж. (бир жуфт) мураккаб тузилган бурун, кўз косаси ва оғиз бўшлиқларини ҳосил қилишда фаол қатнашади. Унинг танаси ва 4 та ўсиғи бор, чакка ости ва қанот-танглай чуқурларининг тузилишида иштирок этиб, юзнинг ҳамма суяклари билан бирлашади.

Пастки Ж. (тоқ] – жуда қаттиқ ва йўғон суяк. У чакка сулги билан бўғим тузиб бирлашади, оғизни очиб-юмиш ва ён томонга ҳаракат шу бўғимда бажарилади. Пастки Ж. суяги бағрида канал бўлиб, ундан томир ва нервлар ўтади. Юқори Ж. касалликларидан гайморит, пасткисида эса остеомиелит ва суяк синиши кўпроқ учрайди (яна қ. Тиш)

2) ҳайвонларда озиқни тутиб туриш ва майдалаш функциясини бажарадиган аъзо. Бўғимоёқлиларда Ж. функциясини шаклан ўзгарган бош ўсимталари: оёқжағлар, мандиблапар, максиллалар, хемицералар, педипалплар (оёқпайпаслагичлар) бажаради.

[addtoany]