Кардиосклероз [юн. cardia – юрак ва skleroz – қотиш, қаттиқпашиш] – юрак мушакларининг турли сабаблар (яллиғланиш, қон келишининг танқислиги, заҳарланиш ва бошқа(лар)) оқибатида бириктирувчи тўқима билан алмашиниши (турли ўлчамдаги чандиқ ҳосил бўлиши). Кардиосклероз ривожига турли инфекцион касалликлар, ревматизм ва бошқа(лар) хасталикларда юрак мушакларининг ўткир ва сурункали яллиғланиши, спиртли ичимликларга ружу қилиш, моддалар алмашинувининг кучли бузилиши (тиреотоксикоз, қандли диабет ва бошқа(лар)), ўткир миокард инфакти, сурункали давомли стенокардия хурулари ва бошқа(лар) сабаб бўлади. Келиб чиқишига кўра, инфарктдан кейинги, миокардитдан кейинги ва бошқа(лар) хил кардиосклероз фарқланади. Кардиосклероз эгаллаган майдони, тарқоқлик даражаси, ўчокларининг кўплигига қараб юрак фаолиятига турли даражада салбий таъсир кўрсатади. Кўпчилик ҳолларда кардиосклероз юрак ўлчамларининг патологик катталашиши, юрак аритмиялари, юрак етишмовчилиги каби асратларга сабаб бўлади. Бунда беморларда юрак фаолияти бузилишининг турли аломатлари (Юракнинг тез, нотекис ёки кам уриши, ҳасираш, оёқ шишиши, лаб кўкариши, беҳоллик ва бошқа(лар)) кузатилади. Бундай ҳолларда беморлар, албатта, шифокорга мурожаат этиши лозим. Касалликнинг олдини олиш учун аввало уни келтириб чиқарган сабабларни бартараф этиш ёки шу касалликларга учраганда яхши даволаниш керак. Давоси: кардиосклерознинг асоратларини даволаш, клиник аломатларини сусайтиришдан иборат. Агар юрак етишмовчилиги даражаси жуда юқори бўлиб, бемор ҳаётига жиддий хавф соса, унинг умумий аҳволига қараб жарроҳлик усулини қўллаш мумкин (аневризмэктомия, юракни алмаштириш ва бошқа(лар)).
[addtoany]