Кал

Кал, парша, фавус – терининг замбуруғ касаллиги; кўпинча, бошнинг сочли қисми, тери ва тирноқ зарарланади. Соғлом одамга бмордан ёки унинг буюмлари (бош кийими, тароғи ва бошқалар)дан фойдаланганда, баъзан ҳайвонлар (мушук, каламуш, сичқон ва бошқа(лар))дан юқиши мумкин. Аксарият, ёш болалар касалланади. Дастлаб бошнинг сочли қисмида катта-кичик, сарғиш қасмоқ босган жойлар учрайди. Кал замбуруғлари соч халтачаси ва сочга зарар етказади. Соч хира тортиб, чанг босганга ўхшайди, кулранг тусга киради, мўрт бўлиб қолиб, тўкла бошлайди. Кейинчалик оқиш кепакка ўхшаган пўстчалар ёки сарғимтир қасмоқ билан қопланади. Қасмоқ кун сайин кўпая бориб, бошни бутунлай қоплаб олиши, баъзан қобиқ ости йиринг бойлаши мумкин. Вақтида даво қилимаса, қасмоқ остидаги тери чандикка айланиб, умрбод соч чиқмайди. Бемор бошини кашиши натижасида кал замбуруғлари тирноққа ва улар орқали терининг бошқа қисмларига ҳам юқиши мумкин. Тери касалланганда тананинг турли қисмида қасмоқ босган жойлар пайдо бўлади. Касалланган тирноқ қалин тортади, дағаллашди, бора-бора юмшаб, уваланиб кетади.

Касалликнинг олдини олиш учун гигиена қоидаларига қатъий риоя қилиш талаб этилади.

Даволаш: бемор соғлом кишилардан ажратилиб, асосан, касалхонада муолажа қилинади.

[addtoany]