Кокаинизм, кокаиномания – гиёҳвандлик (наркомания, бангилик) бир тури; оғриқсизлантирувчи алкалоидлар гуруҳига мансуб кокаинга ўрганиб қолиш, уни истеъмол қилмасдан туролмаслик. Кокаинни гиёҳвандлар тери остига, венага юбориб, кўп ҳолларда ҳидлаб кайф (эйфория) қиладилар. Биринчи марта истеъмол қилган киши хушчақчақ, сергап, серҳаракат бўлиб қолади, фикрлаши тниқлашгандек туюлади ва ҳар хил ишларни бажаришга иштиёқи кучаяди; 2-3 соат ўтгач, бу ҳолат кайфиятнинг айниши, умумий ҳолсизланиш, таъсирчанликнинг кучайиши ва лоқайдлик билан алмашинади.
Кокаинизмда ўткир ва сурункали заҳарланиш кузатилади. Ўткир заҳарланишда юз оқаради, кўз қорачиқлари кенгаяди, юрак уриши тезлашади. Бош айланади, ҳолсизлик, нафас марказининг фалажланиши рўй беради, оқибатда нафас тўхтаб қолиши мумкин. Сурункали заҳарланишда кокаинга жуда тез ўрганиб келинади ва гиёҳвандларнинг шахси тезда тубанлашиб (деградация) кетади. Кокаинизмга мубтало бўлганлар тез орада қўпол, эзма, худбин, шубҳаланувчан, таъсирчан, исқирт, қаримсиқ бўлиб қолади. Меҳнат қилмай текинхўрларча ҳаёт кечиради ва бутунлай одамгарчиликдан чиқиб кетади. Кокаинни сурункали ва узоқ вақт истеъмол қилган гиёҳвандларда кокаин психози (иллзиялар, қўрқинчли кўрув галлюцинациялари, тактил галлюциноз, рашк ва васвасалар кузатилиши мумкин. Кейинги йилларда оғриқсизлантирувчи препаратларнинг кўпгина бошқа турлари пайдо бўлиши туфайли даволаш амалиётида кокаинни қўллаш тақиқланган, шу боис уни истеъмол қилиш камайди.
[addtoany]