Коллоид эритмалар

Коллоид эритмалар, золлар-заррачаларининг ўлчами 1 нм дан 100 нм гача бўлган юқори дисперс системалар. Коллоид эритмалар газсимон (тутун, булут, туман), суюқ (эмульсиялар) ва қаттиқ (аралашмалар, қаттиқ коллоид эритмалар, рангли шишалар) ҳолатда бўлади. Бундан ташқари улар моно- ва полидисперс ҳолатларда бўлади. Монодисперс ҳолатдаги коллоид эритмалар фақат синтетик йўл билан олиниши мумкин. Полидисперс коллоид эритмалар 2 усулда олинади: йирикроқ заррачаларни мадалаш (диспергация усули) ва молекула ёки ионлардан йирикроқ заррачалар ҳосил қилиш, яъни агрегатлаш (конденсация усули).

Диспергация усулида эритма ҳосил қилиш учун қаттиқ жисм стабилизатор билан бирга кукун қилиб майдаланади ёки электр ёҳуд ултратовуш ёрдамида суюқлик ичида кукунга айлантирилади. Коллоид эритмаларни кислота, асос ва тузлардан тозалашда диализ, ультрафильтрлаш, элетродиализ, ультрацентрифугалаш усулларидан фойдаланилади.

Коллоид эритмалар жуда кичик осмотик босим, суст дифузия ва Броун ҳаракатига эга. Заррачалар зарядли бўлганлиги туфайли, улар электрофорез жараёнида электрод томон ҳаракат қилади.

Ўта юқори дисперсликка эга бўлган коллоид эритмалар золь деб аталади. Золларни номлашда диперсион муҳитни ҳосил қилувчи модда асос қилиб олинади; дисперсион муҳит сув бўлса, гидрозоль, органик модда бўлса, оргазоль, кейингилари кимёвий таркибига кўра бензозоль, алкозоль ва бошқа(лар) дейилади. Агар дисперсион муҳит газ бўлса, бундай золь аэрозоль, суюқ дисперсион муҳитга эга бўлган золлар эса лиозоллар (юн. lios – суюқлик) деб аталади. Дисперс фаза заррачалари билан дисперсион муҳит заррачалари орасидаги боғланишга қараб, коллоид эритмалар лиофоб ва лиофил золларга бўлинади. Лиофоб золларга дисперс платина, кумуш, олтингугурт золлари мисол бўла олади. Лиофил золларда эса бу боғланиш кучли бўлади, уларга оқсил, желатина, пепсин ва юқори молекуляр моддаларнинг эритмалари киради.

Коллоид эритмалар саноат, к. х. ва тиббиётда муҳим роль ўйнайди. Барча тирик организмлар тўқималари ва ҳужайраларининг асосини ташкил этувчи оқсил, нуклеин кислоталар, крахмал, гликоген каби моддалар К. э. ҳолида учрайди. Тупроқнинг унумдорлиги унинг К. э. ҳолидаги қисмининг физик-кимёвий хоссаларига, цемент, чинни, керамика, сир ва бўёқлар сифати уларнинг дисперслик даражаси ҳамда эритманинг хоссаларига боғлик. Коллоид эритмалар чарм, қоғоз, газлама, сунъий ипак, озиқ-овқат ва бошқа(лар) саноат тармоқларида ҳам кенг қўлланилади.

[addtoany]