Комплемент

Комплемент [лот. complementum – тўлдирувчи, қўшимча] – одам ва барча умуртқали ҳайвонлар қонидаги ўзаро таъсирлашувчи темолабил оқсил ва гликопротеинлар мажмуи; табиий иммунитетнинг муҳим омили. Бу оқсиллар яллиғланиш жараёнларида иштирок этиб, организм учун ёт ҳужайра ва микрооганизмларни парчалашда (лизис) қатнашади. Комплемент атамасини фанга П. Эрлих киритган, лекин унгача Ж. Борде қон зардобидаги бактерицид таъсир этувчи моддани аллексин (лот. alexina – микроорганизмлардан ҳимоя қилувчи танчалар) деб атаган. Комплемент тартиби 20 та макромолекуладан тузилган, лекин бу тизимнинг асосий қисми 11 та оксилдан иборат бўлиб, қолганлари кучайтирувчи ва сусайтирувчи ферментладир.

Комплемент – яллиғланиш реакциясининг асосий гуморал компоненти бўлиб, унинг маҳсулотлари хемотоксин ва анафилатоксинлар фагоцитоз, алмашинув жараёнлари ва қоннинг ивишига таъсир кўрсатади. Шу билан бирга, комплемент тартибида иммун жавобни назорат қилувчи муҳим омиллар ҳам бор.

Бу мажмуа таркибининг фаоллашишида классик ва алтернатив йўл фарқланади. Классик йўлда антитело микроорганизм ёки ҳужайра антгенига бирикиб, конформациясини ўзгартиганидан сўнг, унга комплементнинг биринчи компоненти (С,) қўшилади. Комплементнинг фаоллашишида IgM ва IgG синф антителолардан тузилган иммун бирикмалар қатнашади. Ҳосил бўлган иммун комплекс + комплементнинг С1 компонентига С4, С2, СЗ, С5, С6, С7, С8 ва С9 комплементнинг компонентлари кетма-кет бирикиб, мембранани бузувчи комплекс ҳосил қилади.

Комплементнинг алтернатив йўл билан фоллашиши учун бактериялар ҳужайра девордаги полисахарид ва липополисахарид (ЛПС), вирусларнинг устки қисми антигенлари, IgA ва IgE дан тузилган иммун бирикмалар, улардан ташқари пропердин, В ва Д омиллар каби зардоб оқсиллари бўлиши зарур. Санаб ўтилган омиллар бириккандан сўнг уларга комплементнинг СЗ, кейин С5, С6, С7, С8, С9 компонентлари кетма-кет бирикади. Ҳосил бўлган мембранани бузувчи комплекс мембрана бутунлигини бузиши ҳисобига ҳужайра ҳалок бўлади. Комплемент ланинг кўп қисмини моноцит ва макрофаглар синтез қилади. Уларнинг 90 % жигарда ишлаб чиқарилади. Қоннинг бактерицидлик хоссаси қисман улар туфайлидир. Комплемент препаратларидан антиген-антитело комплексларини аниқлашда (масалан, баъзи инфекцион касалликларга ташхис қўйишда) фойдаланилади.

[addtoany]