Компресс [лот. compressus – қисилган] – шифо мақсадида қўйилган иссиқ ёки совуқ бойлам. Оғриган аъзони совқотишдан ва бошқа(лар) ташқи таъсиротлардан ҳимоя қилиш учун бир неча қават дока ёки қалин пахта қатламдан иборат қуруқ компрессдан фойдаланилади. Шифобахш таъсир кўрсатиш мақсадида нам компресс қўлланади. Бу компресснинг совуқ, қайноқ, иссиқ ва дорили хиллари бўлади. Шифокор буюрган муолажани беморнинг ўзи ёки унга қарайдиган одам кўйиши мумкин. Компресснинг қанчалик давомлилиги унинг қандай қйилишига боғлиқ.
Совуқ компресс (бир бўлак юмшоқ матони бир неча қават қилиб совуқ сувга бўктириб олинади) маълум бир жойни совитиб, қон томирлрини торайтиради; уни лат еганда, бурун қонганда, тананинг касал қисмига (бош, қўл, оёқ ва бошқа(лар) жойларга) қисқа муддат (2-3 мин.) қўйилади.
Иссиқ К. қон томирларини узоқ вақт давомида кенгайтириб, тери ва чуқуррокдаги тўқималарга қон оқиб келишини яхшилайди, натижада яллиғланиш ўчоғи тез йўқолиб, оғриқ қолади. Бир неча қават қилиб тахланган дока ёки матони олдиндан уй ҳароратидаги сувга бўктириб олиб, яхшилаб сиқиб, касал жойга қўйилади, устидан клеёнка ёки сув ўтказмадиган қоғоз ёпилади (клеёнка ёки қоғоз анча катта бўлиши ва нам матони беркитиб туриши керак), унинг устидан каттароқ пахта ёки фланель (Компресс остида ҳосил бўлган иссиқликни сақлаб туриш учун) ўралади. Муолажа тўғри қўйилган бўлса, танага тегиб турган мато К. олинганда илиқ ва нам бўлади. Муолажа аксари кечқурун, ухлашдан олдин қўйилади. Компресс тананинг катта жойига (масалан, кўкрак қафасига) қўйиладиган бўлса., бемор ўринда ётиши лозим. Баъзан сувли иситадиган мато ўрнига ароқли ёки спиртлиси қўлланилади. Бундай К. тез қуриб қолади, шунинг учун тез-тез алмаштириб турилади. Дорили К. иситадиган К. нинг айни ўзи, бунда муолажа таъсирини кучайтириш учун сувга шифокор буюрган турли хил дори моддалар қўшилади. Компресс нотўғри қўйилганда кўнгилсиз оқибатларга олиб келиши мумкин. Шу боис муолажани ўз билигича, шифокор маслаҳатисиз қўймаслик керак.
[addtoany]