Корсаков синдроми

Корсаков синдроми, Корсаков амнестик синдроми – руҳий касаллик. Рус психиатри С. С. Корсаков аниқланган (1887). Бунда, асосан, хотира бузилади. Бемор ҳозиргина бўлиб ўтган воқеа-ҳодисаларни эслай олмайди, аксинча, бир неча йил илгари бўлиб ўтган воқеаларни хотирасида сақлаб қолади. У қаерда тургани, вақт, сана, атрофидаги кишиларнинг исмларини тўғри айтиб беролмайди. Ҳозир нима овқат егани, кимни кўргани, улар номини’ эслай олмайди. Ўзи яшаб турган жойи, хонаси ва каравотларини адаштиради, бир дақиқа олдин айтилган сўзларни дарров ёдидан чиқариб қўяди. Беморнинг билим даражаси, малакаси, касб-маҳорати сақланиб қолгани ҳолда, янги нарсаларни ўзлаштира олмайди. Корсаков синдромида сохта хотирлаш (конфабуляция) ва тез чарчаш, лоҳаслик (астения) аломатлари бирга кузатилади. Корсаков синдроми юқумли касалликлар, заҳарланишлар, бош миянинг шикастланишлари ва атрофияси билан боғлиқ касалликларда учрайди.

[addtoany]