Корсет [франц. corset] – 1) қадди-коматни расо тутиш учун кўкрак қафасининг пастки қисми ва қоринни тортиб ушлаб турадиган махсус мослама; 2) умуртқа поғонаси сингада, касалланганда ва қийшайганда қўлланиладиган махсус ортопедик мослама. Корсет протез-отопедик корхоналарда турли хил материаллар (чарм, гипс, пластмасса, мато ва ҳ. к.) ва челари металлдан қилинади. У танага ёпишиб туриши керак, шунинг учун уни бемордан олинган қолипга қараб тайёрланади. Ушлаб турувчи, енгиллик туширувчи ва тўғриловчи корсетлар бор. Ушлаб турувчи ва енгиллик туширувчи мосломалар умуртқа поғонаси синганда ва у операция қилингандан кейин буюрилади. Корсет, кўпинча, умуртқа поғонасининг бел-думғза бўлими касалликлари (масалан, бел умуртқаси силжиганда, остеохондроз, спондилолистез ва ҳ. к.) оқибатида бел оғриганда қўлланилади. Тўғриловчи корсет умуртқа поғонаси ёнга бироз қийшайган (сколиоз) болаларга умуртқа поғонаси бутунлай қийшайиб келишининг олдини олиш мақсадида буюрилади. Уни шифокор тайинлайди ва тўғри кийилганлигини текширади, кийиб юриш муддатини айтади ва назорат қилиб туради. Мосламани узоқ вақт тақиб юрилганда тана мушаклари заифлашиб қолиши мумкин, шунинг учун умуртқа поғонаси қанчалик шикастланганига ва касаллик босқичига қараб (врач тавсияси билан) шифобахш гимнастика билан шуғулланиш ва тана мушакларини массаж қилиши керак. Мослама тоза туриш учун трикотаж кўйлак ёки майка устидан кийилади. Пластмасса корсетни ювса бўлади.
[addtoany]