Космик тиббиёт – тиббиётнинг бир соҳаси; космик парвознинг одам саломатлиги ва иш қобилиятига бўлган таъсирини ўрганади; космик аппаратларни бошқариш ва уларда нормал ҳаёт фаолиятини таъмин этиш тизимига бўлган тиббий талабларни, космонавтларни касбга танлаш ва уларни тайёрлаш усулларини, космик парвоз билан боғлик касалликларнинг олдини олиш ва даволаш чораларини ишлаб чиқади. 20-а. нинг 50-й. ларига келиб шаклланди. Биологик ракета ва сунъий йўлдошларда одамнинг космик фазони ўрганишига имкон берадиган физиологик тадқиқотлар ўтказилиши космик тиббиётнинг пайдо бўлиши ва ривожланишига замин бўлди. Космик тиббиёт комплекс фан бўлиб, космик фазода одамнинг ҳаёт фаолияти учун зарур шароит яратишга қаратилган ва бир-бири билан чамбарчас боғланган тиббий-биологик, биофизик, физик-кимёвий, телеметрик, математик, билогик-техник, муҳандислик-конструкторлик ва бошқа(лар) кўпгина илмий йўналишлар мажмуини ўз ичига олади. Космик тиббиёт авиацион тиббиёт тўплаган материаллардан фойдаланиш билан бирга одам космосга учганда унинг организми авиация амалиётида учрамайдиган таъсирларга дуч келишини ҳисобга олиб ўзига хос усулларни ишлаб чиқади. Космосга учиш учун динамик вазнсизлик ва гиподинамия, яъни мушак тизимига юк (нагрузка)нинг кам тушиши хосдир. Учиш вақтида вазнсизлик ҳолатига мослашиш ва гиподинамик омил таъсирини камайтириш мақсадида космик кемалар бортида тегишли мосламалар кўрилади. Космик кема бортида ер атмосфераси шароитларига яқин сунъий атмосфера вужудга келтириш, очиқ космосга чиқиш учун махсус скафандрлар яратиш ҳам космик тиббиёт вазифаларидан ҳисобланади.