Меҳнат муҳофазаси

Меҳнат муҳофазаси – инсоннинг меҳнат жараёнидаги хавфсизлиги, сиҳат-саломатлиги ва иш қобилиятининг сақланишига қаратилган тадбирлар. Қонун ҳужжатларида меҳнат жараёнида қўлланиладиган ижтимий-иқтисодий, ташкилий, техник, санитаригигиена, даволаш-профилактика чора-тадбилари белгилаб қўйилади. Меҳнат қилувчи шахс хавфсизлиги, саломатлиги, меҳнат қилиш қобилиятини ҳимоялаш, соғлом меҳнат шароитлари яратиш, касб касалликлари юз бериш хавфини олдини олиш, и. ч. да жароҳатланишларга йўл қўймаслик кабилар меҳнат муҳофазаси олдидаги вазифалар ҳисобланади.

ЎзРда хавфсиз ва қулай меҳнат шароитида ишлаш юзасидан фуқароларнинг ҳуқуқлари Конституцияда (37-модда) мустаҳкамланиб қўйилган. Ушбу конституциявий кафолатни амалда рўёбга чиқарилишига қаратилган аниқ чора-тадбирлар ЎзРнинг Меҳнат кодексида, «Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонун (1993 й. 6 май)да, бошқа бир қатор қонунлар ва қонун ости меъёрий ҳужжатларида белгиланган. Ўзбекистонда меҳнат муҳофазаси учун катта молиявий маблағлар ажратилади ва ўзлаштирилади. Соғлом ва хавфсиз меҳнат шароитида меҳнат қилиш ҳуқуқи ЎзР фуқароларининг энг асосий меҳнат ҳуқуқларидан бўлиб ҳисобланади. Меҳнат муҳофазасига оид талаблар ва стандартлар Меҳнат кодекси, «Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонун талаблари асосида ишлаб чикариладиган корхона ва ташкилотларнинг ички меҳнат тартиби қоидалари, жамоа шартномалари, тармоқ ёки минтақавий жамоа келишувлари, корхоналарнинг бошқа ички меёрий-ҳуқуқий ҳужжатларида, муайян соҳа, касб, иш жойларига оид бўлган меҳнат муҳофазаси стандартларида белгилаб қўйилади. Мулкчилик шакли ва хўжалик юритиш усулидан қатьи назар барча корхона, муассаса, ташкилотлар ўз ходимлари учун соғлом ва хавфсиз меҳнат шароитини яратиши, хавфсизлик техникаси чораларини кўриши, меҳнатни муҳофаза қилиш хизматларини ташкил этиши, бошқа ташкилий-техник тадбирларни амалга ошириши шарт.

Меҳнат муҳофазаси қоидаларига риоя этилиши махсус давлат органлари ва жамоатчилик томонидан назорат қилиб борилади. Қонунларга, шу жумладан, меҳнат муҳофазасига оид қонунларга риоя этилиши устидан ЎзР Бош прокурори ва унга бўйсунувчи прокурорлар умумий назорат олиб боради. Меҳнат муҳофазаси ҳақидаги қонун талабларини бузган корхоналарга молиявий-иктисодий жазо чоралари, уларнинг мансабдор шахсларига нисбатан эса интизомий, маъмурий-ҳуқуқий, жиноий жвобгарликлар қўлланиши, улар айби билан етказилган моддий зарар қоплаттирилиши мумкин.

Загрузка...