Маза билиш

Маза билиш, таъм билиш – турли эрийдиган моддаларнинг таъм билиш рецеторларига асосан тилга (умуртқалиларда) таъсир этиши натижасида пайдо бўладиган сезги. Маза билиш рецепторлари тилда, ҳалқумнинг орқа деворида, юмшоқ танглайда, муртакларда жойлашган. Тил уни, четлари ва орқа қисмида рецепторлар, айниқса, кўп; тил ўртасида ва унинг остки юзасида таъм рецепторлари йўқ.

Ширин, нордон, аччиқ, чучук ва шўр сезадиган маза билиш сезгилари фарқ қилинади. Бу сезги маълум моддаларнинг ўзига мос келувчи маза билиш рецепторларини қўзғатиши натижасида намоён бўлади. Таъм билиш учун ҳароратнинг (иссиқ ёки совуқ овқат маза сезгисини сусайтиради), шунингдек, ҳиднинг аҳамияти муҳим (киши тумов бўлиб, ҳидни яхши сезмаганда овқат мазасини билмайди).

Тил ва оғиз бўшлиғи турли қисмларининг сезувчанлиги бир хил эмас, масалан, тил учи шринни, ўзаги аччиқни, четлари эса нордон ва шўр мазани сезади. Турли мазага эга бўлган маҳсулотлар бир вақтда ёки кетма-кет истеъмол қилинганда маза билиш контраст овқат таъмини алмаштириб юбориши мумкин.

Маза билиш рецепторлари таъсирланиб, қўзгалганда бу қўзғалиш марказга интилувчи нерв толалари орқали узунчоқ мияга боради, у ердан бошқа марказга ўтади, натижада бир қанча рефлектор ҳодисалар кузатилади (сўлак оқиши, меъдадан шира чиқиши ва ҳ. к.), айни вақтда, қўзғалиш бош мия пўстлоғига етиб боради, унинг муайян қисми кўзғалиб, маза сезгиси келиб чиқади. Маза билиш киши ҳаётида катта аҳамиятга эга, зарарли моддалар оғизга олиганда рефлекс йўли билан туфлаб ташланади. Маза билиш организмнинг физиологик ҳолатига боғлик бўлиб, иштаҳа ва овқат ҳазм қилишга таъсири бор. Айрим касалликларда таъм билиш бузилиши мумкин.

Загрузка...