Минерал сувлар – таркибида баъзи бир кимёвий элементлар ва бирикмалар, шунингдек, газлар бўлган сувлар. Таркибидаги эрган минералларнинг умумий миқдори 1 г/л гача бўлган сувлар чучук ҳисобланади. Баъзи денгиз ва кўл сувлари ҳам минерал сувларга киради. Минерал сувларнинг маълум шифобахш хусусиятига ва иқтисодий жиҳатдан узоқ муддат фойдаланиш учун етарли микдорга эга бўлганлари минерал сув манбалари деб аталади. Сув таркибида йод, бром, литий, барий, темир ва бошқа(лар), газлардан-кабонат ангидрид, радон, сульфат газлари бўлиши уларда шифобахш хусусият вужудга келтиради. Сульфат-гидрокарбонатли Нарзан суви (Кисловодскда), карбонат ангидридли Желеноводск, Пятигорск, Ессентуки, Олтингугуртли Чимён, Учқизил (Ўзбекистон), Обишифо (Тожикистон), Мацеста (Грузия), азотли Қизилтепа (Ўзбекистон), Иссиқота (Қозоғистон), радиоактивли Хўжаобигарм (Тожикистон), Жетиоғуз (Қозоғистон) ва бошқа(лар) ўнлаб жойларда минерал сув манбалари бор. Минерал сувлар ҳосил бўлиши ва Ер пўстида жойланишига қараб совуқ ва илик (20° атрофида), термал (иссиқ, 37° дан юқори), гипотермал (42° дан юқори) ҳамда қайноқ (100° ва ундан юқори) бўлади. Минераланиш миқдорига қараб: кучсиз (1-2 г/л), кам (2-5 г/л), ўрта (5-15 г/л), юқори (15-30 г/л), шўр (15-30 г/л), ва ўртача шўр (35-150 г/л) каби турларга бўлинади. Таркибида 2-20 г/л минерал тузлар бўлган минерал сувлар истеъмол учун ишлатилади. Минерал сувларнинг шифобахш хусусияти таркибидаги фойдали элементлар, газлар, органик моддаларнинг сифати ва миқдорига қараб белгиланади. Минерал сувларнинг пайдо бўлиши, жонланиш қонуниятлари ва фойдаланиш масалаларини гидрогеология ва курортология ўрганади. Минерал сувларнинг органик ва кимёвий хоссаларини ўрганиш ва фойдаланишга топшириш билан илмий тадқиқот муассасалари, лаб. ва ст-ялар шуғулланади. Ҳоз. санаторий ва шифохоналарда сунъий йўл билан Олтингугуртли ва радонли минерал сувлар тайёрланади.
Ўзбекистон Марказий Осиёда минерал сувларга бой бўлган мамлакат. Республика ҳудудида уларнинг табиатда маълум бўлган барча гуруҳ ва тиллари аниқланган. Ўзбекистонда минерал сувларнинг қуйидаги бальнеологик гуруҳлари бор: специфик хусусиятларсиз ва компонентларсиз, Олтингугуртли, йод, бром, радонли ва карбонат ангидридли.
Специфик хусусиятларсиз ва компонентларсиз энг қимматли минерал сувлар (азот-ишқорли иссиқ, ижевск ва янги ижевск туридаги сульфат ва хлорид сульфат натрийли) Тошкент атрофи, Қизилқум, Зарафшон ва Марказий Қизилқум ҳавзалар гуруҳида, ҳамда У спорт, Бухоро-Қаши, Сурхондарё ва Фарғона артезиан ҳавзалрининг юқори гидрогеологик қаватида тарқалган. Улар негизида: Жан. Оламушук шаҳарчаси ва Полвонтошда (Андижон вилояти), Бухородаги «Ситораи Моҳи Хосса», Жиззах вилоятидаги Гагарин ва Ғаллаорол ш. ларида, Муборак ш. да (Қашқадарё вилояти), Олтинсой қишлоғида (Навоий вилояти): Каттақўрғон ш, Нагорний т. й. станциясида (Самарқанд вилояти), Тошкент ш. да, Тошкент вилоятида, Отиарик шаҳарчасида, Олтиариқ т. й. станциясида, Задион қишлоғида, Қўқон ш. да, Чимён қишлоғида (Фарғона вилояти), Нукус ш. да (Қорақалпоғистон) санаторий-курорт, профилактика муассасалари ва қадоқлаш з-длари фаолият кўрсатади. Ўзбекистон ҳудудида саноат тоифаси бўйича фойдаланиш заҳираси 30 минг м3/сутка бўлган ер ости минерал сувлар аниқланган. Улар негизида 100 дан зиёд санаторий, бальнеологик шифохона ва минерал ичимлик сувлари қдоқлаш бўйича 20 цех ишлаб турибди. Давлат ҳисобида радонли, Олтингугуртли, йод, бром, борди, таркибида органик модда бўлган, кремнийли, темирли ва специфик компонентлар ва хусусиятларсиз 10 дан зиёд ер ости минерал сувлар конлари ва участкалари фаолият кўрсатади.
[addtoany]