Молекула

Молекула [лот. moles – масса] – муайян модданинг барча кимёвий хоссаларини намоён қиладиган энг кичик заррачаси. Бир хил (оддий моддаларда) ёки ҳар хил (кимёвий бирикмаларда) атомлардан ташкил топиши мумкин. Мустақил равишда мавжуд бўла олади. Молекуланинг хоссаси унинг тузилишига — қандай атомлардан ташкил топганига, уларнинг сонига, атомларнинг фазовий жойлашиш тартибига, улар ўртасидаги тортишиш кучининг табиатига боғлик.

Ҳоз. вақтда М. нинг тузилишини кимёвий усуллар билан бир қаторда мукаммал физик асбоблар воситасида аниқ билиш мумкин.

Молекула ларнинг тузилиши билан уларнинг хоссалари ўртасидаги боғланишни билиш мўлжалланган хоссага эга бўлган моддалар олиш йўлларини анча осонлаштиради. Молекулада атомларнинг сони иккитадан (масалан, водород молекуласи Н2, азот (И)-оксид N0) тортиб бир неча мингга (масалан, оқсилларда, полимерларда) етиши мумкин. Молекула тўғрисидаги тушунчани 17-а. да илк бор Л. Гассенди айтган, 18-а. да М. В. Ломоносов М. («корпускула») тушунчасини таърифлади. 1811 й. да А. Авогадро М. нинг атомдан фарқни, моддаларнинг кимёвий реакцияга киршувчи энг кичик бўлаги эканлигини қайд қилди. Молекула тушунчаси 1860 й. да кўпчилик олимлар томонидан узил-кесил эътироф этилди. Молекуланинг мавжудлиги турли ҳодисалар – диффузия, Брун ҳаракати, рентген нурларини дифракцилаш сингари қатор ҳодисаларда билвосита тасдиқланди.

Квант механикаси назарияси ёрдамида М. нинг тузилишини чуқур ўрганиш мумкин бўлди. Молекула илгарилама ва айланма ҳаракатда бўлиши билан бир қаторда, унинг таркибий қисмлари ҳам турлича ҳаракат қилади. Молекулани ташкил этган атомларнинг ядроси тебранма ҳаракатда бўлади ва ядро бу ҳаракатида ўзи билан тортишиб турган электрон қатламларини эргаштиради. Электронлар ядрога эргашишдан ташқари, мустақил ҳаракатлана олади. Бу ҳаракатларнинг ҳаммаси квант механикаси қонунига бўйсунган ҳолда рўй беради ва М. бир неча хил квант ҳолатда бўлиб, потенциал энергияга эга. Молекуланинг потенциал энергияси, асосан, атомлар ядролари ўртасидаги масофага боғлик.

Атомнинг сатҳ энергияси биргина ҳаракатга – электроннинг атом ядросига нисбатан ҳаракатига боғлик. Шунга кўра, унинг спектри айрим чизиқлардан иборат (чизиқли спектр беради). Молекула даги ички ҳаракат бир неча хил бўлиб, анчагина мураккаб. Шунга кўра, унинг спектри ҳам мураккабдир. Электронларнинг М. ни ташкил қилган атомлар ядросига нисбатан ҳаракати билан бир қаторда, юқорида айтилгандек, атом ядролари тебранма ва айланма ҳаракатда бўлади. Шунга қараб, М. нинг спектри – электрон, тебранма ва айланма спектрига бўлинади. Шу ҳаракатларда содир бўладиган энергия ўзгаришлари натижасида йўл-йўл спектр олинади. Молекула спектри ультрабинафша, кўзга кўринадиган ва инфрақизил соҳаларда кўрилади. Молекуланинг спектрларини текшириб, унинг қандай элементлардан ташкил топгани, атомлар орасидаги боғларнинг табиати ва мустаҳкамлиги ҳақида мулоҳаза юритиш мумкин.

[addtoany]