Нафас қисиши

Нафас қисиши, ҳансираш – нафас олиш тезлиги, чуқурлиги ва маромининг бузилиши, одатда, ҳаво етишмаслиги билан кечади. Физиологик ва патологик хиллари тафовут қилинади.

Физиологик нафас қисиши жисмоний иш қилаётганда организмнинг кислород эҳтиёжи ошиши натижасида пайдо бўлади. Нафаснинг чуқурлашуви ва тезлашуви туфайли организмга ўпка орқали кирадиган кислород миқдори нафас қисишида 2-3 баробар кўпаяди. Айни вақтда организмдан нафас билан ортиқча карбонат ангидрид гази ҳам чиқарилади. Ҳаводаги кислород миқдори одатлардан анча кам бўладиган баландликка кўтарилганда, ташқи муҳит ҳарорати ошганда ва ш. к. ҳолларда нафас қисиши рўй беради. Одам ўз ихтиёрига кўра, яъни онгли равишда нафаснинг тезлиги ва чуқурлигини ўзгартириши мумкин.

Патологик хансираш айрим касаллик ҳолатларида юз беради. Марказий нафас қисиши нафаснинг идора қилиниши бузилганда (қ. Нафас) ёки бош миядаги нафас маркази заҳарланганда, организм, масалан, ухлатадиган дорилар ёки наркотик модалардан заҳарланганда содир бўлади. Ўпкага алоқадор ҳансираш кўкрак қафаси шикастланганда, ўпка кучли заҳарланганда (ўпка яллиғланиши, сил, бронхиал астма, ўпка эмфиземаси ва бошқалар) кузатилади. Нафас қисишининг бу тури нафас чуқурлиги ва тезлигининг бузилиши, аксари нафас чиқаришнинг қийинлашиши, тери ва шиллиқ қаватларнинг кўкариб кетиши (қ. Цианоз), бўйин веналарининг бўртиб чиқиши, юз кўкриши билан ўтиши мумкин. Ўпкадан бўладиган нафас қисиши ҳатто озгина жисмоний ҳаракат қилганда ҳам кучаяди. Юракка алоқадор ҳансираш юрак етишмовчилигида рўй беради, бунда тери кўкариб кетиши, оёқ-қўллар совуб кетиши мумкин. Жисмоний иш қилганда бундай нафас қисиши кескин камаяди. Одатда, бўғилиб колишгача олиб келадиган нафас қисиши бронхиал астма ва юрак астмасида кузатилади. Нафас қисиши авж олганда беморнинг кўкрагини қисиб турган кийимини ечиш, нафас олишини енгиллатиш учун ўрнига ўтказиб қўйиш, у ётган хона деразасини очиб, зудлик билан тез ёрдам чақириш керак. Ўпкага боғлиқ ҳолда Н. қ. билан кечадиган касалликларнинг олдини олишда организмни мунтазам чиниқтириш, жисмоний машқлар ва нафас гимнастикаси билан шуғулланиш, нафас йўлларининг юқумли ва аллергик касалликларини ўз вақтида даволатиш, тўғри овқатланиш, семиришга йўл қўймаслик лозим.

[addtoany]