Бош мия

Бош мия – одам ва умуртқали ҳайвонлар марказий нерв тизимининг олий қисми; калла суяги бўшлиғида жойлашган; у умуртқа поғонаси каналидаги орқа мия билан марказий нерв тизимини ташкил этади. Бош мия узунчоқ мия, мия кўприги, ўрта мия, мияча, мия оёқчалри ва катта ярим шарлардан иборат. Узунчоқ мия орқа мия билан мия кўприги оралиғида жойлашган, унинг ички қисми нерв толаларидан, ташқи (ромбсимон) юзаси V-XII жуфт бош мия нервлари ўзакларидан тузилган. Мияча бош миянинг энса қисми остида жойлашган. Мия кўприги, асосан, нерв толалари ҳамда крниаль нервлар ҳужайралари тўпламидан иборат бўлиб, олдиндан мия оёқчаларига, орқадан узунчоқ мияга туташган. Кўприк таркибидаги кулранг ўзакка бош миядан ҳаракатчан нервлар, орқадан узунчоқ мия орқали сезувчи нервлар келади ва кўприк орқали мияча ўзакларига бориб мувозанатни сақлашда қатнашади. Мия оёқчалари 4 тепалик ва уларнинг елкалари ҳамда мия сув йўлидан тузилган. Мия оёқчалри, асосан, нерв толаларидан иборат бўлиб, бош мияга кўприк ва мияча орқали қўшилади. Оёчалардаги бир жуфт қизил ўзаклар ва сув йўли деворидаги III жуфт кўзни ҳаракатлантирувчи нервларнинг ўзаклари, қорамтир тузилмалар мушаклар тонусини сақлаб, нормал юришни бошқаради; 4 тепаликнинг устки бир жуфти кўзга тушган нурни қабул қилиб, бошни ўша томонга буради, кўз қорачиғининг кенгайиши ёки торайишини таъминлайди; пастки иккита дўмбоқ эса қулоқни товушга мослаш, бошни ўша томонга буришни бошқаради. Мия сув йўли III қоринчани IV қоринча билан қўшади. Бош мия ярим шарлари нинг ёпқич – плашч қисми кулранг моддадан иборат, остида эса оқ модда (нерв толалари) ва қоринчалар бор. Бош мия ярим шарлари бир-бири билан қадоқсимон тана ёрдамида бирлашган 2 ярим шардан ташкил топган. Ҳар бир ярим шар пешона, тепа, энса ва чакка қисмларга бўлинади. Ярим шарлар пўстлоғи кулранг моддадан, пўстлоқ ости эса оқ моддадан тузилган. Пўстлоқ устида эгат ва пушталар бўлади. Пўстлоқнинг ўзи 14-15 млрд. га яқин муайян тартибда жойлашган ҳар хил ҳужайралар (нейронлар)дт иборат. Нейронлар бир-бири ва организмнинг турли қисмлари билан дендритлар, кўтарилувчи ва тутувчи нейритлар ёрдамида жуда мураккаб равишда боғланади. Ярим шарлар олий нерв фаолияти аъзоси, унда фикрлаш ва эмоционал жараёнлар содир бўлади. Бош мия организмни ташқи муҳитнинг ўзгарувчан шароитига мослаб туради.

Одам бош мия сининг оғирлиги ўртача 1360— 1500 г, баъзан бу кўрсаткич кам ёки ортиқ бўлиши мумкин. Одамларнинг ақли миянинг оғир ёки енгил бўлишига алоқадор эмас.

Бош мия қаттиқ мия пардаси, ўргимчак тўрсимон ва юмшоқ (томирли) парда билан қопланган. Бош мия пардалари орқа мия пардаларининг давоми ҳисобланади. Бош мия қаттиқ пардасининг ташқи сатҳи калла суякларининг суяк уст пардаси бўлиб, орқа миянинг қаттиқ пардасидан шу билан фарқ қилади. Ўргимчак тўрисимон парда мия юмшоқ пардасининг ташқи сатҳи бўлиб, томирлари бўлмайди. У йўллар ва чукурликлар орқали мия сатҳига ўтади. Юмшоқ мия пардасининг ички сатҳида Томирлар бўлиб, улар бош миянинг ҳамма эгатларига киради. Юмшоқ парданинг бир қисми мия қоринчалрига кириб, унинг мия суюқлиги чиқарувчи томирли чигалини ҳосил қилишда қатнашади. Юмшоқ парданинг ташқи ва ички сатхларидаги бўшлик мия суюқлиги билан тўлиб туради. Бош мия организмдаги ҳамма аъзоларнинг келишиб ишлашини таъминлайди.

[addtoany]