Неврастения [невр… ва юн. astheneia – дармонсизлик], астеник невроз, асаб толиқиши, асаб ожизлиги – нерв тизимининг узоқ вақт ўта толиқиши, яъни руҳий изтироб натижасида келиб чиқадиган касаллик, неврозларнинг бир тури неврастенияга интоксикация (кўпинча алкоголдан), инфекция, ўта толикиш, тўйиб овқатланмаслик, бош мия шикастланиши, шунингдек, тез-тез асабга тегадиган ва дармонни қуритадиган вазиятлар, кечаси кам ухлаш ва бошқа(лар) сабаб бўлади. Неврастенияда, асосан, астения синдромига хос аломатлар юзага келади. Бунда бемор салбий таъсиротларга осон берилувчан, серзарда, жаҳлдор, тез парчаланган бўлиб қолади, мадори курийди, етганида тез ухлаб қолиб, салгина шовқинга уйғониб кетади. Бош мия катта ярим шарлари пўстлоғи фаолиятининг бузилиши туфайли олий нерв фаолиятида қўзғалиш ва тормозланиш жараёнларининг муносабатлари бузилиб, аввал биринчиси, кейинроқ иккинчиси устунлик қилади. Неврастения аломатлари ҳам ана шундай келиб чиқади, дастлаб бемор таъсирчан, жаҳлдор, безовта, кейинчалик чарчаган, бўшанг, ҳорғин, уйқучан, кайфияти бузуқ, хотираси пасайган аҳволга тушади. Ҳиссиёт ожизлиги, сезгиларнинг ошиши, тери сезувчанлигининг оғриқли даражагача ортиши, бетоқатлик, шу вақтнинг ўзида руҳий ва жисмоний толиқиш, диққат ва хотиранинг пасайиши кузатилади. Неврастенияга хос аломатлардан бири уйқунинг бузилиши ва тез-тез бош оғриб туришидир. Уйқу жуда юзаки бўлиб, аксарият ҳолларда бетўхтов давом этиб, туш кўриш билан кечади. Кундузи эса уйқу босади, бемор уйқудан турганида кучли чарчаган, ҳорғин бўлади. Неврастенияда кўп учрайдиган белгилар – бу турли-туман сомато-вегетатив ва неврологик бузилишладир. Бунга иштаҳанинг бузилиши, оғиз қуриши, кекириш, кўнгил айниши, ич дам бўлиши, қабзият, кўп терлаш, томир уриши ва артериал босимнинг ўзгарувчанлиги, кўз қовоқлари ва бармоқларини титраб туриши (тремор), пай рефлексларининг кучайиши, жинсий фаолият сусайиши ва ҳ. к. киради. Бу аломатлар беморнинг умумий аҳволи яхшиланиши билан тезда ўтиб кетади. Неврастенияда меҳнат қилиш ва дам олишни тўғри уюштириш, спорт билан шуғулланиш, сайр қилиш, сув муолажаларидан фойдаланиш, витаминли овқатлар истеъмол қилиш, оилада, ишда тинч ва хотиржам бўлиш беморнинг тезда соғайиб кетишига олиб келади.
[addtoany]