Неврозлар

Неврозлар [невр… асабийлик] – узоқ давом этган руҳий изтироблар натижасида нерв тизими фаолиятининг бузилишидан келиб чиқадиган асабий-руҳий касалликлар; ўзаро яқин функционал руҳий касалликлар (неврастения, истерия, психастения), эмоционал ёки ақлий жиҳатдан толикиш натижасида, кўпинча, инфекцион ва бошқа(лар) касалликлар таъсирида юзага келади. Неврозлар анча кенг тарқалган касаллик бўлиб, асосан, нерв тизими туғма ёки ҳаётда орттирилган заиф кишиларда кузатилади. Неврозларда марказий нерв тизимида ҳам, ички аъзоларда ҳам жиддий органик ўзгаришлар бўлмаса-да, бош мияда кечадиган асосий жараёнлар – қўзғалиш ва тормозланиш жараёнларининг ўзаро муносабатлари бузилади. Неврозларда психозлардан фарқли ўлароқ, беморлар ўз касалликларига нисбатан танқидий муносабатда бўладилар. Неврозларнинг, асосан, 3 та – истерия, неврастения ва психастения (миядан кетмайдиган ҳолатлар) тури фарқланади. Айрим «аъзолар неврози» (юрак, меъда, ўпка) Ҳоз. вақтда неврозларнинг алоҳида тури эмас, балки унинг сомато-вегетатив белгилари деб ҳисобланади. Касаллик кўп учрайди ва йилдан-йилга кўпайиб бориш қонуниятига эга. Неврозлардан неврозга ўхшаш ҳолатларни ажратмоқ зарур, бу белгилари жиҳатдан неврозларга айнан ўхшаб кетса-да, бироқ улар руҳий изтироблар оқибатида эмас, балки бошқа хасталик, масалан, хафақон, мия қон томирлари атеросклерози, шизофрения нинг бошланғич белгиси сифатида намоён бўлади. Касалликнинг айрим турлари келиб чиқишида киши шахсининг касаллик олди хусусиятлари (прморбид) катта аҳамиятга эга. Шунингдек, олий нерв фаолияти ожизроқ кишилар шундай фаолияти кучли кишиларга нисбатан Н. га кўпроқ мойил бўладилар. Бундан ташқари, биринчи сигнал системаси юқорироқ бўлган кишиларда – истерия, иккинчи сигнал тизими кучлироқ бўлганларда эса миядан кетмайдиган ҳолатлар неврози кўпроқ учраши исботланган. Булар аралаш невротик ҳолатлар кўринишида ҳам намоён бўлиши мумкин.

Касалликни даволашда психоген омилларни бартараф этиш зарур. Дори-дармонлар билан бирга психотерапия ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Загрузка...