Никотин кислотаси

Никотин кислотаси, пиридин карбон кислота – сувда оз эрийдиган рангсиз кристалл. В витамин гуруҳига мансуб, суюқланиш ҳарорати 236-237°. Организмда кенг тарқалган. Сут, балиқ, сабзавотлар, мевалар, ачитқи, буғдой кепаги, гўшт, айниқса, жигар ва буйракда кўп. Н. қ. амиди – никотинамид (қ. Витаминлар) коферментлар – никотинамиддениндинуклеотид (НАД) ва никотинамид-дениндинуклеотидфосфат (НАДФ) таркибига киради. Никотин кислотасининг организмдаги аҳамияти меъда-ичак йўллари эпидермаси ва эпителийсини ҳамда нерв тизими фаолиятини меъёрий ҳолатда тутиб туришдан иборат. Кишининг никотин кислотасига бўлган бир кеча-кундуздаги эҳтиёжи 20-30 мг. Ушбу модда етишмаса, пеллагра келиб чиқади. Н. қ. пеллаградан ташқари, меъда-ичак касалликлари, атеросклероз ва бошқа касалликларни даволашда ҳам ишлатилади. Саноатда никотинни оксидлаб олинади.

[addtoany]