Витаминлар

Витаминлар [лот. vita – ҳаёт], дармон дори – тирик организмнинг ҳаёт фаолияти ва нормал моддалар алмашинуви учун зарур бўлган органик бирикмалар. Улар турли хил кимёвий тузилишга эга. Озиқ моддалар таркибида қандайдир моддалар етишмаслиги натижасида одамлар касал бўлиши тўғрисидаги маълумотлар қад. Хитой манбаларида, кейинчалик Гипократ асарларида қайд этилган. Витаминларни илмий нуқтаи назардан ўрганиш 18-а. да бошлаган. Инглиз шифокори Ж. Линд (1757), француз физиологи Ф. Мажанди (1816), рус шифокори Н. И. Лунин (1880), голланд шифокори Эйман (1897), инглиз олими Ф. Хопкинс (1906) лар витаминларни ўрганишга жуда катта ҳисса қўшдилар. Организмда витаминлар синтез қилинмайди, киши ўзи учун зарур витаминларни турли овқат моддалари билан олади. Овқатда улар етишмаганда гиповитаминоз, мутлақо бўлмаганда авитаминоз пайдо бўлади. Витаминларнинг асосий манбаи ўсимликлардир. Улар ҳосил бўлишида микроорганизмлар ҳам катта роль ўйнайди. Ушбу моддаларнинг биологик аҳамияти моддалар алмашинувига ростловчи таъсир этишдан иборат. Витаминлар организмда содир бўладиган кимёвий реакцияларни кучайтиради, организмнинг озиқ моддаларни ўзлаштиришига таъсир кўрсатади, ҳужайраларнинг нормал ўсишига ва бутун организмнинг ривожланишига ёрдам беради, организмда ферментлар таркибига кириб, уларнинг нормал фаолияти ва фаоллигини таъминлайди. Витаминлар организмда энергия алмашинувида (В1, В2), аминокислоталар (В6, В12) ва ёғ кислоталар (пантотенат кислота) биосинтезида, фоторецепция жараёнида (А), қон ивишида (К) ва кальцийнинг ўзлаштирилишида (Д витамин) иштирок этади. Шундай қилиб, организмда бирор витамин етишмаса ёки бутунлай бўлмаса, моддалар алмашинуви бузилади. Озиқ-овқатда витаминлар етишмаганда кишининг меҳнат қобилияти пасаяди, организмнинг касалликларга ҳамда таъсирига чадами камаяди. Витамин етишмовчилигига овқат таркибида витаминлар кам бўлишигина эмас, балки уларнинг ичакда сўрилиши, тўқималарга етказиб берилиши ва биологик фаол шаклга айланиши жараёнларининг бузилиши ҳам сабаб бўлади. Лекин баъзи витаминларнинг физиологик эҳтиёждан ортиқроқ бўлиши гипервтаминозга олиб келиши ҳам мумкин. Кейинги йилларла 30 дан зиёд витаминнинг кимёвий тузилиши тўла ўрганилиб, кўплари синтез қилинди (қ. Витамин саноати).

Дастлаб витаминлар шартли равишда лотин алифбосининг бош ҳарфлари: А, В, С, D, E, Р ва ҳ. к. билан белгиланган. Кейинчалик витаминларнинг кимёвий тузилишига биноан халқаро стандартлаштришнинг ягона номи қабул қилинди. Витаминлар сувда эрийдиган, ёғда эрийдиган ва витаминсимон бирикмаларга ажратилади. Ёғда эрийдиганларга A, D, Е ва К, сувда эрийдиганларига В гуруҳи ва С, РР киради. Бундан ташқари организмда турли ўзгаришларга учраб витаминларга айланадиган моддалар – провитаминлар ҳам бор. Провитаминларга каротинлар (А провитамин), D витаминга айланадиган баъзи бир стеринлар (эргостерин ва бошқалар) киради. Одамнинг витаминларга бўлган бир кунлик эҳтиёжи организмнинг умумий ҳолатига, меҳнат тарзига, соғ ёки касаллигига боғлиқ. Одам ҳаёти учун, айниқса, А, В , В2, С, D, РР нинг аҳамияти катта (жадвалларга қаранг).

Сувда эрийдиган витаминлар ва одамнинг уларга бўлган кунлик эҳтиёжи

Витаминлар

Кунлик миқдор

болаларга

катталарга

Аскорбин кислота (С витамин)

30-70 мг

50-100 мг

Биотин (Н витамин)

150-200 мкг

Кобаламин ва цианкобалмин (Вр витамин)

0,5-2 мкг

2 мкг

Никотин кислота ва никтинамид (РР витамин, В3 витамин)

5-20 мг

14-20 мг

Пантотенат кислота (В5 витамин)

10 мг Гана

Пиридоксин (Вл витамин)

0,5-2 мг

1,5-28 мг

Рибофлавин(В,витамин)

1-3 мг

1,9-3,0 мг

Тиамин (В1 витамин)

0,5-2,0 мг

1,4-2,4 мг

Фолат кислота (В, витамин)

50-400 мг

400 мкг

Ёғди эрийдиган витаминлар ва одамнинг уларга бўлган кунлик эҳтиёжи

Витаминлар

Кунлик миқдор

болаларга

катталарга

Кальцифероллар (D витаминлар)

500 ХБ (12,5 мкг холекалциферол)

100 ХБ (2,5 мкг холекалциферол)

Каротиноидлар (А провитамин)

аниқ белгиланмаган

аниқ белгиланмаган

Ретинол(А витамин)

1650-5000

хб (0,5-1,5 мг)

5000 ХБ (1,5 мг)

Токофероллар (Е провитамин)

ҳар кг вазнга 0,5 мг дан

20 мг

Филлохинон, менахнон (К витаминлар)

чақалоқларга 1-12 мкг

0,2-0,3 мг

Қуйида кўпроқ қўлланиладиган витаминлар тавсифи келтирилди.

Ретинол (А витамин) табиатда кенг тарқалган. Ўсимлик тўқималарида А провитамин (организмда ретинолга айланадиган картиноид пигментлар) ҳолида учрайди. Кўриш пигментлари ҳосил бўлишида қатнашиб, организмнинг меъёрий ўсишини, кўзнинг турли даражадаги ёруғликка мослашишини таъминлайди. Организмда ретинол етишмаса, тери кўришиб оқаради, қипикланади, мугузланади, унда майда тошмалар пайдо бўлади, терининг йирингли касалликлари авж олади, соч қуруқ, хира бўлиб, тўкила бошлайди, тирноқ мўртлашиб қолади. Еруққа қараб олмаслик, шабкўрлик, коньюнктивит, блефаритга, асосан, А витамин етишмаслиги сабаб бўлади. А провитамин (каротин) ўсимликларда, айниқса, уларнинг яшил баргларида, А витамин ҳайвон ва балиқ жигарида, балиқ мойида кўп.

Тиамин (В1 витамин) – кўпгина озиқ-овқат маҳсулотлари таркибига киради. У, асосан, доннинг муртаги ва қобиғи (кепаги)да бўлади. Тиамин организмда карбонсувлар алмашинувида муҳим аҳамиятга эга; овқат кабонсувларга сероб бўлса, уларни ўзлаштириш учун тиамин кўпроқ талаб қилинади. Тиамин бўлмаса, полиневрит касаллиги рўй беради. Организмда бу витамин бўлмаса ёки етишмаса, нерв тизимининг оғир касаллиги – бери-бери пайдо бўлади, шунингдек, ичак перистальткаси сусаяди, қабзият, мушаклар бўшашиши, жисмоний ва руҳий иш қобилиятининг пасайиши кузатилади.

Рибофлавин (В2 витамин) – ўсиш жараёнида қатнашади ва ўстирувчи омилларга киради. Оқсил, ёғ ва карбонсувлар алмашинувида иштирок этади. Марказий нерв тизими ҳолатини ростлайди, кўз гавҳаридаги моддалар алмашинувига таъсир этади, ёруғликни сезиш ва ранг ажратишга ёрдам беради. Рибофлавин организмга озиқ-овқат билан киради, овқатда рибофлавин етишмаса оғиз бурчаги, лаб ёрилади (қ. Лаб бичилиши), соч тўкилади, конъюнктвит ва блефарит кузатилади. В2 витамин, асосан, ҳайвон маҳсулотлари – тухум, пишлоқ, сут, гўшт ҳамда ғалла ва дуккакли ўсимликларда кўп бўлади.

Пиридоксин(В6 витамин)-кўпгина ўсимлик ва ҳайвон маҳсулотлари: ачитқи, буғдой муртаги, жигар, балиқ, мол гўшти ва дуккакли донда бўлади. У оқсил ва ёғнинг нормал ҳазм бўлишини таъминлаб, азот алмашинувида муҳим роль ўйнайди. Организмда пиридоксин етишмаса болалар ўсмай қолади, меъда-ичак иши бузилади, камқонлик рўй беради. Ҳомладорларда стоматит, терининг яллиғланиши, қўзғалувчанлик, уйқусизлик кузатилади. Киши организми учун зарур миқдордаги пиридоксин ичак бактериялари таъсирида ҳосил бўлади.

Никотинамид, никотин кислота (РР витамин) ҳужайраларнинг нафас олишида, оқсиллар алмашинувида қатнашади, организмда ўсимлик оқсилларининг ҳазм бўлишини тезлаштиради, меъданинг секрет ва ҳаракат фаолиятини меъёрлаштиради, меъда ости бези ишлаб чиқарадиган секрет ва шира таркибини яхшилаб, жигар ишини барқарорлаштради. Организмда никотин кислота етишмаса пеллагра касаллиги рўй беради. Никотин кислота уй паррандаси, мол гўшти, жигари, буйракда, ачитқи, гуруч кепаги, буғдой муртагида кўп бўлади.

Фолат кислота (В9 витамин) баъзи аминокислоталар алмашинувида ва синтезда, шунингдек, нуклеин кислоталар синтезида қатнашади, кўмикнинг қон яратиш фаолиятини кучайтиради, В12 витаминнинг яхши ўзлаштрилишига ёрдам беради. Фолат кислота ўсимлик ва ҳайвон маҳсулотларида, айниқса, жигар, буйрак ва яшил баргларда кўп. Ичак микрорганизмлари фолат кислотани кўп миқдорда синтезлайди.

Цианкобаламин (В12 витамин) — юқори биологик фаол модда. Метионин, нуклеин кислоталар синтезида ва қон яратилиши жараёнида қатнашади. Организмга овқат билан киради, у организмда етишмаса, камқонлик пайдо бўлади. Цианкобаламин мол жигарида, айниқса, кўп. Тиббиётда, чорвачилик ва парандачиликда кенг қўлланилади.

Пантотенат кислота (В5 витамин) – ўсимлик ва ҳайвон тўқималарида кўп.

Нерв тизими ҳамда буйрак усти ва қалқонсимон безлар фаолиятини меъёрлаштиради.

Аскорбин кислота (С витамин) – моддалар алмашинувида, бириктирувчи тўқималарнинг ўзлаштирилишида, бу тўқималарнинг нормал ҳолатда тутиб турилиши ва тикланишида муҳим аҳамиятга эга. Организмда С витамин етишмаса, тоғай ва суяк тўқималари тузилиши бузилади, лавша (цинга) касаллиги рўй беради. Организмда аскорбин кислота ҳосил бўлмайди ва тўпланмайди. С витамин сабзавот ва меваларда бўлади. Аскорбин кислота турли поливитамин препаратлари таркибига киради.

Кальциферол(Д витамин) моддаларнинг минерал алмашинувига, суяк ҳосил бўлишига таъсир кўрсатади. У ёш болалар скелетининг жадал ўсиши ва суякланиши даврида, айниқса, зарур. Организмда D витамин етишмаса рахит касаллиги пайдо бўлади. Тунец, треска ва бошқа(лар) балиқлар мойи кальциферол манбаи ҳисобланади.

Токоферол (Е витамин, кўпайиш витамини) мушак ва жинсий безлар фаолиятини кучайтиради, ички аъзоларда ёғда эрийдиган барча витаминлар, айниқса, ретинол тўплнишига ёрдам беради. Ўсимликларнинг яшил қисми ҳамда улардан олинадиган мойда (масалан, кунгабоқар мойида) кўп бўлади.

Филлохинон (К витамин) – қон ивишининг асосий омилларидан бири. Организмда К витамин етишмаганда турли аъзолар (бурун, милк, меъда-ичак ва бошқа(лар))дан қон кетиши кузатилади. Филлохинон салат, карам, исмалоқ, қичитқи ўтнинг яшил қисмида бўлади. Юқорида айтиб ўтилган витаминлардан ташқари, организм учун зарур бўлган бошқа биологик фаол моддалар (витаминсимон бирикмалар) ҳам бор. Буларга биофлавоноидлар, холин, инозит, липоат, орот, пангамат, парааминбензоат кислоталари ва бошқа(лар) моддалар киради.

Мева сабзавот ва бошқалар масаллиқлар узоқ сақланганда ва нотўғри пиширилганда витаминлар камаяди. Витаминлардан энг бекарори аскорбин кислота бўлиб, уни офтоб, иссиқ ва нам ҳаво бузиб қўяди. Овқат пиширганда витаминлар, айниқса, аскорбин кислота яхши сақланиши учун сабзавотни тез атиб, ювиб, тўғраб, қайнаб турган сувга солиш, қозон копкоғини ёпиб қўйиш керак. Витаминлар препаратлари дорихоналарда мавжуд, аммо биологик таъсири кучли бўлгани учун витаминларни фақат шифокор маслаҳати билан қабул қилиш лозим.

[addtoany]