Шифокор назорати

Шифокор назорати – спортда жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланмокчи бўлганларни саралаш, бажарилаётган машкларнинг улар организмига таъсирини (ижобий, салбий) ўрганиш мақсадида ўтказиладиган тиббий назорат; спорт тиббиётнинг асосий қисми. Шифокор назоратининг асосий вазифалари: жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланмокчи бўлганларнинг саломатлиги, функционал ҳолатини аниқлаш ва олинган натижаларга асосан уларнинг машқлар билан шуғулланиши учун рационал тавсияномалар бериш; жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиш жараёнида машқлар таъсирида жисмоний ривожланиш, саломатлик, функционал ҳолатда бўлаётган ўзгаришларни мунтазам кузатиб туриш; машқларни нотўғри бажариш оқибатида келиб чиқадиган патологик ҳолатларни аниқлаш, олдини олиш ва даволашдан иборат.

Назорат шифокори жисмоний машқлар воситаларини қўллашда врачлик-жисмоний тарбия диспансерларининг ташкилий-услубий ишларига раҳбарлик қилади; жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланмокчи бўлганлар ёки шуғулланаётганларни тиббий кўрикдан ўтказади; оптимал ҳаракат тартибини кўрсатади; жисмоний тарбия ва спорт бўйича врачлик косультациясини беради; жисмоний тарбия дарслари ва спорт машқлари жараёнида врач-педгог назоратини олиб боради; оммавий спорт тадбирларида тиббий ёрдам кўрсатади. Шифокор назорати бўйича ташкилий-услубий раҳбарликни врачлик-жисмоний тарбия диспансерлари олиб боради.

[addtoany]