Шартли рефлекслар

Шартли рефлекслар – одам ва ҳайвонларнинг шахсий ҳаёти давомида орттирган мослашув реакциялари тизими; шартли (сигнал) қўзғатувчи билан шартсиз рефлектор қўзғатувчи ўртасида вужудга келадиган муваққат боғланиш туфайли пайдо бўлади. Шартли рефлекслар марказий нерв тизимига эга барча ҳайвонларда бор. «Ш. р.» атамасини И. П. Павлов таклиф этган (1903). Шартли рефлекслар ҳосил қилинадиган реакцияга бефарқ бўлган қўзғатувчи (сигнал), яъни шартли таъсирловчининг организмга узлуксиз таъсири билан боғлик. Масалан, чироқ ёқилганида овқатланишга нисбатан шартли рефлекслар ҳосил бўлиши учун итга чироқ ёқилгандан сўнг овқат бериб туриш керак. Ташқи ёки ички муҳитнинг ҳар қандай ўзгариши шартли таъсирловчи бўлиши мумкин. Илгари бефарқ бўлган, лекин вақт жиҳатдан бирор шартсиз рефлекснинг намоён бўлиши билан мос келадиган ҳар қандай таъсирловчи шартли сигнал бўлиши мумкин.

Шартли рефлексларнинг шаклланишида марказий нерв тизимининг олий қисмлари (балиқларда ўрта мия ва мияча, судралиб юрувчилар ва кунларда бош мия ярим шарлари, одам ва сут эмизувчиларда бош мия ярим шарлари пўстлоғи) асосий аҳамиятга эга. Шартли рефлекслар асосида хар хил шартсиз рефлекслар ўртасида икки томонлама боғланиш бўлса керак, деб тахмин қилинади. Шартли ва шартсиз таъсирловчиларни бир хил нейронлардаги конвергенцияси ва бош мия ҳар хил марказлари фаоллигининг ўзаро мос келиши шартли рефлекслар ҳосил бўлишининг асосий шарти ҳисобланади. Шартсиз қўзғатувчи томонидан мустаҳкамланиб турилмаган шартли рефлекслар тормозланди, баъзан йўқолиб кетади. Шу боис Ш. р. нинг биологик аҳамияти организмнинг мосланиш имкониятларини кенгайтиришдан ва унинг хатти-ҳаракатларини ҳар хил шароитга мослнишига ёрдам беришдан иборат. Организмнинг филогенетик тараққиёти ва индивидуал ривожланиши давомида Ш. р. ҳам тобора мураккаблашиб боради (яна қ. Олий нерв фаолияти).

[addtoany]