Шапкўрлик

Шапкўрлик [форс. – тун, кеча], гемералопия – қоронғида кўриш қобилиятининг бузилиши. Шапкўрлик, кўпинча, туғма бўлиб, болалик ва ўсмирлик даврида, асосан, ўғил болаларда кузатилади, аксарият оилавий-ирсий хусусиятга эга бўлади. Симптоматик шапкўрлик кўзнинг турли органик касалликлари (глаукома, кўрув нерви атрофияси, хориоретинит ва ҳ. к.)да касалликнинг бир белгиси сифатида учрайди. Функционал Ш. кўпроқ овқат таркибида А витамини етишмаслиги ёки бўлмаслиги натижасида пайдо бўлади. Шапкўрликда бемор ним қоронғи ёки тузук ёритилмаган хоналарда, куннинг ғира-шира пайтларида ва тунда, ёруғдан қоронғига ўтганда кўра олмай қолади (айни вақтда ёруғликда яхши кўради). Кейинроқ ранг ажрата олмаслик аломатлари намоён бўлади, асосан, кўриш майдони торайиб, кўриш ўткирлиги ҳам тасалли. Шапкўрликка кўз тўр пардаси таёқча ҳужайралари (қ. Кўз) структурасининг органик ўзгаришлари ёки шу ҳужайра таркибига кирувчи кўз пурпри (родопсин)нинг функционал етишмовчилиги сабаб бўлади. Кўз пурпури оксилнинг А витамини билан ҳосил қилган комплекси бўлиб, кўзнинг қоронғиликка мослашувида муҳим аҳамиятга эга. У ёруғлик таъсирида (ретинин ва специфик оқсилга) парчаланади, қоронғида эса (бевосита А витамини иштирокида) тиклнади ва шу билан таёкча-ҳужайралар функционал қобилиятини тиклайди.

Шапкўрликда кўз тўр пардасида коп-кора пигмент таначалари пайдо бўлиб, улар борган сари кўпайиб боради. Қон томирлари торайиб, тўр парданинг ўзи юпқалашади, унинг озиқланиши бузилиб, сўнг кўриш бутунлай йўқолади. Шапкўрликнинг ҳамма шаклларида сервитамин (А витминига бой) овқатлар (сут, сариёғ, балиқ мойи, жигар, сабзи, кўк пиёз, укроп, петрушка ва бошқа(лар)), витамин препаратлари буюрилади.

Шапкўрликка хос аломатлар сезилса дарҳол мутахассис шифокорга кўриниш лозим.

[addtoany]