Шиллиқ парда – одам ва ҳайвон организмидаги ҳазм ва нафас олиш аъзолари, сийдик-таносил тизимлари, бурун, ўрта қулоқ бўшлиқлари, безларнинг чиқарув йўллари ички юзасини қоплаб турувчи қават. Қалинлиги 0,5—4 мм. Унинг юзаси шу соҳадаги безлар ишлаб чиқарадиган шиллиқ билан доимо намланиб туради, бу эса ҳужайраларни қуриб қолишдан сақлайди. Шиллиқ парда бир ёки бир неча эпителиал қаватдан, бириктирувчи тўқима ва мушак пластинкалари (силлиқ мушак ҳужайраларидан ҳосил бўлгандан иборат. Булардан сўнг шиллиқ пардани ҳаракатга келтириб, уни бошқа туқималардан ажратиб турадиган юмшоқ бириктирувчи тўқима жойлашган. Аъзолар фаолиятига кўра, Ш. п. эпителийси кўп қаватли ясси, бир қаватли цилиндрик, призматик, кусимон, киприкли (нафас йўлларида), унинг юзаси эса силлиқ, бурмали, ворсинкали (масалан, ингичка ичакда Ш. п. бурма ва ворсинкалар ҳосил қилади) бўлиши мумкин. Шиллиқ парданинг асосий ва шиллиқ ости қаватларида қон ҳамда лимфа томирлари, фолликулалар, муртаклар, безлар, шунингдек, нерв охирининг тармоқлари бор. Шиллиқ парда безлари бир ва кўп ҳужайрали ҳамда мураккаб бўлиши мумкин.
[addtoany]