Уремия [юн. игоп – сийдик ва haima – қон] – буйрак фаолияти етишмовчилиги натижасида организмнинг сийдик билан заҳарланиши. Оғир кечади. Уремияда буйрак сув ва туз алмашиниши, кислота-ишқор мувозанатини ростлай олмай қолади, оқсил алмашинувининг заҳарли маҳсулотлари тўпланади, нерв-гормонал бошқарлиш ҳам ўзгаради, бу эса организмдаги барча аъзо ва тизимлар фаолиятининг бузилишига олиб келади. У ўткир ва сурункали кечади.
Ўткир уремия буйракнинг ўткир етишмовчилиги оқибатида юзага келади. Буйракнинг ўткир етишмовчилиги оғир шикастланишлар, куйиш, совуқ олиши, қон йўқотиш, сувсизланиш, аллергия, заҳарланиш, сепсис оқибатида юзага келадиган шок натижасида умумий қон айланиши бузилишидан пайдо бўлади. Сурункали уремия буйракда қон айланишининг бузилишидан (буйрак томирларининг бекилиб қолиши), буйрак касалликлари (оғир, ўткир нефрит, сурункади нефрит, пиелонефрит) туфайли, сийдик йўлларининг тўсилиб қолиши (тош, ўсма, яллиғланиш инфильтрати) сабабли юзага келади. Лоҳасланиш, қувватсизлик, тез чарчаш, бош оғриши, яхши ухлай олмаслик, иштаҳа йўқолиши, хотиранинг пасайиши уремиянинг дастлабки белгиларидир. Бемор ҳадеб ташна бўлаверади, териси оқариб, қуруқ бўлиб қолади, қичишади, тез озиб кетади. Қонни текширганда унда азот чиқиндилари кўпайиб кетганлиги аниқланади. Уремиянинг сўнгги босқичларида қондаги мочевина ва бошқа(лар) моддалар тери, шиллиқ ҳамда сероз парда орқали чиқа бошлайди ва шу жойларда турли ўзгаришлар пайдо қилади. Натижада уремик гастрит, колит, плеврит, перикардит белгилари юзага келади. Жигар, кўмик фаолиятлари бузилади, беморнинг қони камайиб боради, айрим аъзолардан қон кетади, кўз хиралашади. Ўз вақтида тегишли даво тадбирлари кўрилмаса, уремик кома вужудга келади; бемор касалхонада даволаниши керак.
Сурункали уремия билан оғриганларга оксиди жуда кам бўлган парҳез таомлар буюрилади, ош тузи хам чеклаб қўйилади, шу йўл билан касаллик ривожланишининг олди олинади. Сурункали уремиянинг олдини олиш буйрак ва сийдик йўллари яллиғланишини ўз вақтида даволтишдан иборат. Доимо шифокор кузатувида бўлиб, сийдик ва қон тахдиллари назорат қилиб турилса, уремиянинг олдини олиш мумкин.
[addtoany]