Евгеника [юн. eugenes – яхши зурриёт] – одам саломатлиги ирсияти ва уни яхшилаш тўғрисидаги таълимот. Евгениканинг тамойиллари биринчи марта 1869 й. инглиз палеонтологи Ф. Гальтон томонидан ишлаб чиқилган. У келгуси авлод ирсий хусусиятлари (саломатлиги, ақли, қобилияти, иқтидори)нинг яхшиланишига таъсир этишни ўрганишни таклиф этган. Евгеникага қизиқиш, айниқса, 20-а. нинг 1-чорагида генетикнинг жадал суръатлар билан ривожланиши ҳамда одам белгиларининг ирсийланиши тўғрисида кўплаб далиллар тўпланиб бориши билан ошиб кетди. Илғор олимлар (Ф. Гальтон, Г. Меллер, Н. К. Кольцов) евгеника олдига инсонпарварлик вазифасини қўйишган эди. Лекин уларнинг ғояларидан, кўпинча, ирқчиликни оқлаш (масалан, фашизм ирқчилик ғояси) мақсадларида фойдаланилгалиги туфайли илмий ғоя ва тушунча сифатида евгениканинг обрўси тушиб кетди. Ҳозир Е. нинг кўпгина муаммолари, айниқса, инсоннинг ирсий касалликларига қарши кураш масалалари одам генетикаси, жумладан, тиббий генетика доирасида ўрганилади.
[addtoany]