Елбўғоз, тухум истискоси [Mola hydatidosa] – трофобластик касаллик; хавфсиз ўсма деб ҳам юритилади, чунки баъзан айрим беморларда елбўғоз метастази кузатилади. Усманинг ўсиши ҳомила тухумининг илк муддатларида содир бўлиб, бунда хорион ворсинкалари узум шингилига ўхшаш пуфакчалар тўпламига айланади. Ҳомила тухуми бутунлай елбўғоз пуфакчларига айланиши ёки айрим ҳолларда эмбрион сақланиб, плацента ўсмага айланиши кузатилади. Баъзан елбўғоз пуфакчалари бачадоннинг мушак (миометрий) қаватига ҳам ўсиб киради ва бачадон деворининг сиртига, шунингдек, атрофидаги тўқималарга ҳам ўтиши (деструкцион Е.) мумкин. Касаллик дастлаб худди ҳомиладорликдай кечса-да, тезда қон кета бошлаб, узлуксиз давом этади. Бачадон ҳомиладорликнинг тегишли ойидагига нисбатан каттароқ бўлади; она организми билан ҳомила орасидаги моддалар алмашинуви издан чиқади, кўпинча, ҳомила нобуд бўлади. Ультратовуш (ЎЗИ) аппарати касалликни осон аниқлаш имконини беради. Елбўғозни ўз вақтида аниқлаб олдини олиш зарур, акс ҳолда қон кетиши, инфекция ривожланиши, хавфли ўсма (хорионэпителиома)га айланиб кетиши мумкин.
Даволаш: бачадонни кириб тозалаб Е. олиб ташланади ва аёл маълум муддатгача тиббий текширувдан ўтиб туради. Елбўғоз бўлган аёлга бир йилгача такрор ҳомиладор бўлишига рухсат этилмайди.
[addtoany]