Ёғ босиш

Ёғ босиш, семириб кетиш – организм тўқималарида, асосан, тери остидаги ёғ клетчаткасида, шунингдек, қорин бўшлиғида ортиқча ёғ (кўпроқ чарви) йиғилиши. Гавда вазнининг анча ортганлиги организмда сув тўпланишига алоқадор бўлмаса, деярли ҳамиша ёғ босишдан дарак беради. Бу ҳолатда, кўпинча, организмга зўр келади: юрак иши, қон айланиши қийинлашади, киши ҳаллослайди, тез чарчади, иш қобилияти ва инфекцион касалликларга чидамлилиги камаяди, атеросклероз ва бошқа(лар) баъзи касалликлар пайдо бўлишига имкон туғилади. Бунда киши организми эҳтиёжи (сарф қиладиган энергиясига нисбатан ортиқ овқатни ўзлаштиради. Аммо кўп кишилар кўп овқат ёйиш билан бирга, уларда энергия ҳам кўп сарфланади, моддалар алмашинуви кучли бўлади, уларни ёғ босмайди. Моддалар алмашинуви сусайганда ҳам ёғ босиши мумкин. Овқат кўп ейилганда ёғ босиш ички секреция безлари билан нерв тизимининг ҳолатига анча боғлик. Ёғ босиш моддалар алмашинуви бузилишидан келиб чиқадиган турли касалликлар (подагра, диабет ва ҳ. к.) билан бирга, жинсий безлар фаолияти сусайган даврда кўпроқ кузатилади. Ҳар қандай жисмоний иш энергия сарфини оширади ва моддалар алмашинувини кучайтиради.

Касалликнинг олдини олиш учун бадан тарбия билан шуғулланиш, пиёда юриш, жисмоний иш қилиш, айни вақтда, овқатни камроқ (тўймасдан) ёйиш керак. Осон ҳазм бўладиган карбонсувлар (оқ нон, хамир овқатлар, картошка, қанд-шакар, асал, мураббо ва ш. к.), айниқса, кам истеъмол қилиниши лозим. Сувни ҳам камроқ ичиш, спиртли ичимликларни мутлақо ичмаслик зарур. Ҳаддан ташқари семириб кетган кишиларга парҳез овқатлар буюрилади. Асосан, сабзавот, ошкўк, шираси кам мевалар истеъмол қилинади. Бемор шифокор назорати остида даволанади. 7-9 кунда бир кун нуқул олма (1500 г) ёйилади ёки фақат сут (5 стакан) ичилади, ёки бир кун 3 маҳал ширгуруч ва 801000 г олма ёйилади, ёки шираси кам мева билан сабзавот (1500 г) 4-5 маҳал истеъмол қилинади. Ёғ босишга даво қилишда даволаш бадан тарбияси ва физиотерапия тадбирлари (сув, массаж) нинг аҳамияти катта.

[addtoany]