- /
- /
- /
Ёт жисмлар
Ёт жисмлар – тери, қулоқ, бурун, кўз ва бошқалар орқали организмга тасодифан кириб, тўқималар, аъзолар ва бўшлиқларда туриб қолган нарсалар (ўқ, нина, зирапча ва ҳ. к.). Турмушда организмга, кўпинча, майда ёт жисмлар – нина ёки унинг бир бўлакчаси, зирапча, шиша ва бошқа(лар) кириб кетиши мумкин. Организмга кириб қолган, лекин инфекция юқмаган ёт жисмлар тўқималарда «чандиқланиб», узоқ вақт, ҳатто умр бўйи оғритмайдиган бўлиб сақланиб қолиши ёки, аксинча, микробли ёт жисмлар атрофи маълум вақтдан кейин яллиғланиши мумкин. Терининг ичига кирган зирапча оғритади ва яллиғланиб йиринг бойлайди. Бармоқка, тирноқ остига кирган зирапча анча ёмон, у, кўпинча, хасмолга сабаб бўлади. Шу боис кўз илгайдиган зирапчани ўткир учли игна билан кишининг ўзи олиб ташлаши мумкин. Нина ва терининг нина кирган жойи спирт ёки йод эритмаси билан артиб тозаланиши керак. Бунинг иложи бўлмаса ёки ёт жисмлар заҳарли бўлса (масалан, кимёвий қалам парчаси) зудлик билан шифокорга кўриниш лозим. Бундай жисмлар кўзга, бурунга, қулоқка кирган ҳолларда ҳам фақат шифокор маслаҳати билан иш кўрган маъқул.