Абсцесс

Абсцесс [лот. abscessus – йиринг бойлаган жой] – терининг шикастланган жойида микроблар тўқималарни емириши натижасида йиринг тўпланиши. Йиринг бойлаган жой қўшни тўқима ёки аъзолардан юпқа ёхуд қалин (поген) парда билан ажралиб туради. У тери ости клетчаткасида, мушак, суяк, жигар, ўпка, талоқ, мия ва бошқа(лар) аъзоларда ёки улар оралиғида пайдо бўлиши мумкин. Абсцесс бир беморнинг бир неча аъзоларида ҳам кузатилади. Абсцесс мустақил равишда ёки бошқа касалликлар (зотилжам, шикастланиш ва ҳ. к. )нинг асорати кўринишида юз беради. Бу касаллик иссиқ ва совуқ бўлади. Иссиқ абсцессда йиринг бойлаган жой қизариб шишади, беморнинг ҳарорати кўтарилади, боши оғрийди, томири тез уради, ухлай олмайди. Бундай ҳолатда шиддатли бошланади. Ички аъзолар (мия, ўпка, жигар ва бошқа(лар) ) абсцесси бемор ҳаёти учун хавфли ҳисобланади. Касалликнинг совуқ турида юқоридаги белгилар кузатилмайди.

Давоси: тўқима қаттиқлашиб, ҳали йиринг тўпланмаган бўлса, иссиқ қилинади, кварц лампаси билан нурлантирилади, пенициллин буюрилади. Агар йиринг бойлаган бўлса, жарроҳлик усули қўлланилишига тўғри келади.

[addtoany]