Аллергия

Аллергия [юн. alios – бошқа, ўзга, бегона ва ergon – таъсир] – киши организмида ташқаридан таъсир қилувчи аллергенлик хусусиятига эга бўлган ҳар хил ёт моддаларга нисбатан пайдо бўладиган ўзига хос реакция. Аллергенга нисбатан жавоб реакцияси дарҳол ёки аста-секин ўта сезувчанлик кўрсатиш орқали содир бўлади. Аллерген организмга тушганида унга жавобан ҳақиқий ва сохта (псевдоаллергик) аллергик реакциялар пайдо бўлиши мумкин. Ҳақиқий аллергик реакция бошланишидан олдин маълум бир давр ўтиб, бунда организмнинг унга биринчи бор тушган моддага сезгирлиги ортиб боради, бу Сенсибилизация деб аталади. Сенсибилизация юзага келиши организмда унга биринчи бор тушган аллергенга жавобан алоҳида оқсил моддалар – антителолар ёки ўша аллерген билан ўзаро таъсир қила оладиган лимфоцитлар пайдо бўлишига боғлик. Шунгача аллерген организмдан чиқариб юборилган бўлса, ҳеч қандай касаллик аломати кўзга ташланмайди. Агар аллерген чиқиб кетмаган бўлса ёки чиқиб кетганидан кейин организмга такрор тушса, бунда у юқоридаги антителолар ёки лимфоцитлар билан ўзаро таъсирлашиб, аллергияга сабаб бўлади. Натижада бир қанча биокимёвий жараёнлар бошланиб, гистамин, серотонин каби талайгина моддалар ишлаб чиқарилиб, ҳужайралар, тўқималар ва аъзоларни зарарлантиради, шу тариқа махсус, яъни илгари организмга таъсир қилган аллергенга жавобан реакция рўй бериб, аллергик касаллик юзага келади. Сохта реакциялар организм аллергенга биринчи марта дуч келганида бошланаверади. Бунда Сенсибилизация даври бўлмайди. Организмга тушган аллергеннинг ўзи ҳужайра, тўқима ва аъзоларни зарарлантирадиган моддаларни пайдо қилади. Сохта реакциялар, кўпинча, дори-дармонлар ва озиқ-овқатларга нисбатан юз беради.

Организм аллергенга дуч келганида ҳамиша ҳам аллергия пайдо бўлавермайди. Бунда ирсият, нерв ва эндокрин тизимлар аҳволи муҳим аҳамиятга эга, чунки касалига, асосан, бу тизимлар фаолиятининг бузилиши, оғир руҳий кечинмалар сабаб бўлади. Аллергиянинг олдини олиш сенсибилловчи таъсирга эга бўлган моддаларнинг организмга такрор киришига ва организм ҳимоя реакцияларининг бузилишига йўл қўймаслик чораларини кўришдан иборат.

Загрузка...