Аменорея

Аменорея [юн. а – инкор қўшимчаси, men – ой ва rheo – оқаман] – олти ой ва ундан кўпроқ муддат ҳайз кўрмаслик. Агар аёл илгари ҳайз кўрмаган бўлса, бирламчи, олдин ҳайз кўриб юрса-ю, маълум вақтдан сўнг ҳайз қони узоқ вақтгача ёки бутунлай тўхтаб қолса, иккиламчи аменорея бўлади. Физиологик аменорея балоғатга етмаган қизларда, ҳомиладорлик, бола эмизиш ва климактерия даврида учрайди. Патологик аменорея оғир инфекцион касалликлар (терлама, сил, сепсис), умумий дармонсизлик, моддалар алмашинувининг бузилиши, ички секреция безлари фаолиятининг ўзгариши, организмнинг заҳарланиши, бачадонга турли эритмалар қўйилиши туфайли содир бўлади. Баъзан аменореяда касаллик белгилари кузатилади, юз ва бошга қон кўп келиб, тўсатдан иссиқ сезилади, кейинчалик эса эт увушади, совуқ тер босади, қулоқ шанғиллайди ва бошқа(лар) Ҳайз цикли бузилган ҳолларда дарҳол шифокорга учрашиш ва унинг кўрсатмаларига амал қилиш зарур.

[addtoany]