Анаэроб инфекция, газли инфекция, газли флегмона, хавфли шиш – жароҳатларнинг фақат кислородсиз муҳитда кўпаядиган касаллик қўзғатувчи микроблар – анаэроблар билан зарарланиши; кўпинча, жароҳатлари (асосан, оёқ ва думбадаги) тупроқ тушишидан пайдо бўлади, чунки тупроқда деярли ҳар доим анаэроб инфекция қўзғатувчилари сақланади. Мажақланган ёки эзилган тўқималар кўпроқ зарарланади, чунки қон томирларга шикаст етиши сабабли жароҳатланган жойга кислородга тўйинган қон (артериал қон) келиши тўхтаб қолади. Анаэроб инфекцияда юмшоқ тўқималар тез шишиб, унда газ пуфакчалари ҳосил бўлади, кейинчалик тўқималар ўлади (қ. Гангрена). унинг дастлабки белгилари: жароҳат оғрийди, тўқималар кўпчиб кетаётгандек туюлади, шиш келади, 1-2 кундан кейин тана ҳарорати кўтарилади. Анаэроб инфекция жуда хавфли, шунинг учун беморни дарҳол касалхонага ётқизиш керак.
[addtoany]