Гангрена

Гангрена [юн. gangraina – ириш], қорасон – тирик тана, аъзо ёки тўқималар бир қисмининг ириб нобуд бўлиши, некрозшнг бир тури. Барча тўқима ва аъзоларда (тери, тери ости ёғ қатлами, мушаклар, ичак, ўт пуфаги, ўпка), кўпинча, Қўл-оёқ ва қорин бўшлиғидаги аъзоларда учрайди. Гангрена, асосан, қон томирлари кам бўлган соҳа ва аъзолар (масалан, бармоклар, қўл-оёқ панжаси, қулоқ чиғаноғи)да тез ривожланади. Тўқима ва аъзоларнинг эзилиши, совуқуриши, куйиши, уларга қон келмай қолиши, қон томирларига тромб, эмбол (қ. Тромбоз, Эмболия) тикилиб қолиши (Томирлар жароҳатланиши ёки атеросклерозда торайиши ва бошқалар), турли механик, кимёвий (кислота, ишқор таъсири) ва физик омиллар (50° дан юқори ёки 20° дан паст ҳарорат, альфа ёки бета-нурлар) гангренага сабаб бўлиши мумкин. Юрак-томир фаолиятининг, моддалар алмашинувининг бузилиши, авитаминозлар, чекиш, спиртли ичимликларга ружу қилиш ва бошқалар ҳам касалликка олиб келиши мумкин. Қуруқ, ҳўл ва газли гангрена (қ. Газли гангрена) фарқ қилинади. Ҳалок бўлган тўқимага қон кам келиши ва шу жойдаги тўқима суюқлигининг буғланиши сабабли тўқима намлиги тез кмайганда қуруқ гангрена вужудга келади; веналар ишлаб тургани ҳолда артерия беркллиб қолиб, ириган тўқима қурийди, қотади, буришади. Ириган тўқима қуриб келгунча чиритувчи микроблар тушса, қуруқ гангрена ҳўл турига айланади. Тўқима суюқлиги кўп бўлиб, ириш жараёни секин-аста авж олганда ҳам ҳўл гангрена рўй беради. У, кўпинча, ички аъзолар (ўпка, ичакка пайдо бўлади. Қўл-оёқ учидаги ириган тўқиманинг кўришига ташқи шароит имкон бермаганда ҳам ҳўл гангрена кузатилади. Бунда рангсиз-кўкимтир терида қизғиш ва қорамтир веналар кўринади, ҳар жой-ҳар жойда эпидермис кўчиб, ўрни пилчираб туради. Ҳўл Г. ўз вақтида даволанмаса, тўқима тобора ириб, турли нохушликларга олиб келади.

Даво, асосан, касаллик хавфини туғдирувчи касалликни даволашдан иборат; турли дори-дармонлар, антибиотиклар ва жарроҳлик усули қўлланилади. Гангренанинг олдини олиш учун касалликка хос илк аломатлар пайдо бўлганда дарҳол шифокорга мурожаат этиш лозим.

[addtoany]