Антропоген омиллар, муҳитнинг антропоген омиллари – одам ва унинг хўжалик фаолиятининг ўсимлик, ҳайвон ва бошқа(лар) табиат компонентларига таъсири билан боғлик омиллар гуруҳи. Одам табиатга таъсир кўрсатиб, уни ўз эҳтиёжларига мослаштириб, Ернинг беқиёс кенг ҳудудларида фауна ва флорани ўгартиради, бу эса ўсимликларнинг камайиши, айрим ўсимлик ва ҳайвон турларининг қириб юборилиши, ўсимликлар интродукцияси ва бошқа(лар)га олиб келади.
Одамнинг табиатга билвосита таъсири иқлимий, атмосфера ва сув ҳавзаларининг физик ҳолати ва кимёвий таркибини, ернинг устки қатламини, тупроқ структураси ва бошқа(лар)ни ўзгартириш йўли билан амалга оширилади. Қўриқ ерларни ўзлаштириш, монокультурали (бир экинли) агроценозлар барпо этиш ва бошқа(лар) тадбирлар табиий биоценозларнинг ўзгаришига катта таъсир кўрсатади. Атом саноатининг ривожланиши, айниқса, атом қуролларини синаш, сув, атмосфера ва тупроқни ифлослантирувчи саноат чикиндиларининг кўпайиб бориши муаммолари муҳим бўлиб бормоқда. Одам маданий ўсимликлар ва уй ҳайвонлари учун маълум даражада янги шароит яратди, уларнинг золарини яхшилади ва маҳсулдорлигини оширди, экинзорларнинг ҳосилдорлигини жуда кўпайтирди, лекин табиат қонунларини чуқур билмасдан табиий мувозанатда бузилишларга олиб келадиган фаолият кутилмаган салбий оқибатларга олиб келиши мумкин. Экинлани нотўғри сугориш ернинг шўрланиши ва эрозияга олиб келади; ерни ортиқча қуритиш ўсимликлар қопламини ўзгартиради. Ҳоз. замон фани ва техникаси инсоннинг табиатга кенг миқёсда аралашишига қулай шароитлар яратиб бериб, ўз навбатида, атроф муҳитни муҳофаза қилишни муҳим муаммога айлантирди.
[addtoany]