Антропология

Антропология [антропо… ва ..логия] – одамнинг келиб чиқиши ва эволюцияси, одамзод ирқларининг пайдо бўлиши, одамнинг тана тузилишидаги нормал фарқ-тафовут, ўзгарувчанлик ҳақидаги фан. Антропология ижтимоий фанларга жуда яқин турадиган биология соҳасидир.

Антропологияга доир фикрлар бундан бир неча минг йил илгари пайдо бўлганига қарамай, у фан сифатида фақат 19-а. нинг 2-ярмидан шакллана бошлади. Антропологиянинг муҳим соҳаси – одам организмининг тузилиши ва ривожланишига таъсир қиладиган физиологик, биокимёвий ва генетик омилларни ўрганадиган бўлими – «Одам биологияси» деган умумий ном билан 20-а. ўрталридан бошлаб ривожланди. Одамнинг пайдо бўлишида фақат табиат оламининг қонунияларигина эмас, балки ижтимоий омиллар ҳам муҳим роль ўйнаган. Одам пайдо бўлгандан Ҳоз. ҳолатигача унинг бутун ҳаёти ижтимоий жамиятнинг ривожланиш конунияти билан чамбарчас боғланган. Антропологиянинг фан бўлиб ривожланишида табиат ва жамият тўғрисидаги фанлар ижобий роль ўйнади. Замонавий фан нуқтаи назаридан айтганда, антропология қуйидаги учта катта бўлимдан иборат: 1) одам морфологиси; 2) антропогенез; 3) ирқшунослик (этник антропология). Морфология одамнинг жисмоний тузилишидаги белгиларнинг ёш, жинс, касб ва ташқи шароитга қараб ўзгаришини тушунтириб беради. Ирқшунослик одамзод ирқларининг келиб чиқиш даври ва сабабларини, уларнинг Ер юзига тарқалишини изоҳлаб, этногенез муаммоларини ечишга ҳам ўз ҳиссасини қўшади. Антропология ўзининг турлича текшириш усулларига (антропометрия, остеометрия, краниометрия) ва кўп хил асбобларига эга. Антропология биология фанининг фақат назарий соҳаси бўлибгина қолмай, амалий аҳамиятга эга бўлган соҳаси ҳамдир. Унинг далилларидан кўп соҳаларда, жумладан, тиббиётнинг ҳар хил соҳаларида (масалан, одамнинг жисмоний ўсишини ўрганишда), шунингдек, суд экспертизасида фойдаланилади.

Туркистон ўзининг географик ўрнига кўра узоқ ўтмишда мураккаб ирқий ва этник жараёнларни бошидан кечирган, шунингдек, қўшни халқларнинг хам тарихий тақдирларини белгилаб беришда катта роль ўйнаган. Бу ўлка, хусусан, Ўзбекистон халкларини антропологик жиҳатдан ўрганиш 20-й. ларда ривожланди. Бу ишда Ўрта Осиё давлат ун-ти антропология кафедраси асосчиси ва доимий раҳбари Л. В. Ошаниннинг хизмати катта бўлди. Унинг рабарлигида Туркистон бўйлаб 29 антропологи экспедициялар уюштирилди. Л. В. Ошанин ва унинг шогирдлари (В. Я. Зезенкова, Қ. Н. Нажимов)нинг саъй-ҳаракатлари натижасида Туркистон антропологик жиҳатидан 3 вилоятга ажратилди. Амударё ва Сирдарё оралиғида яшовчи ўзбеклар ва тожиклар ер юзидаги мавжуд уч иркнинг (европеоид, негроид ва монглоид) бири – европеоид ирқининг «Ўрта Осиё икки дарё оралиғи типи»га мансуб деб топилди. Москвалик антрополог А. И. Ярхо бу ирқий «Помир-Фарғона тили» деб атади. Фарғона водийсидаги Селунғур ва Сурхондарёдаги Тшиктош ғорларидан топилган қад. аждодларимиз қолдиклари туфайли Ўзбекистон Африка ва Олд Осиё ҳудудлари билан бир қаторда, Ҳоз. замон одамларининг пайдо бўлиши жараёни юз берган ҳудудлар таркибига киритилди ва бу хулоса фанда узил-кесил исботланган. Ўзбек халқига хос «Ўрта Осиё икки дарё оралиғи тилининг шаклланиш даври, макони ва тарихи масалаларида фанда яқингача ягона фикр йўқ эди. Бир гуруҳ олимлар бу ирқий тип бундан 6-8 минг йил илгари шаклланди деса, бошқа бир гуруҳ мутахассислар бу воқеа бундан 3 минг йил илгари содир бўлди дейишди. Учинчи гуруҳ олимлари эса уни 16-а. да шаклланди деб ҳисоблар эдилар. Ўзбек антропологлари (Т. Хўжайов)нинг узоқ йиллик изланишлари натижасида, жуда бой антропологик материаллар асосида бу тип бундан 2200-2300 йил илгари шакллана бошлаганлигини исботладилар.

Загрузка...