Аскаридалар

Аскаридалар [Ascarididae] – тўгарак чувалчанглар оиласи. Умуртқали ҳайвонлар ва одам ичагида паразитлик қилади. 9 уруғни ўз ичига олади. Типик уруғи (Ascaris)ra 18 тури киради. Одатда, одам аскаридаси (Аскаридалар Lumbricoides) ва чўчқа аскаридаси (Аскаридалар suum) кўп учрайди. Одам аскаридаси эркагининг ўз. 15-25 см, урғочиси 25-40 см. Бир суткада ичакка 200 мингдан ортиқ тухум қўяди. Тухумлари ахлат билан ташқи муҳит (тупроқ ёки сув) га тушади. У ерда етилган тухум сабзавот ва мевалар орқали яна ичакка тушади. Тухумдан чиққан личинкалар ичак ворсинкалари орқали қонга, қон орқали ўпкага, йўтал тутганда у ердан ҳалқумга чиқади ва яна ютилиб ичакка тушади, 2-2,5 ойда вояга етади. Урғочи аскрида ҳар 2-2,5 ойда тухум қўя бошлайди. Аскаридалар аскаридоз деб аталадиган хавфли касалликни пайдо қилади. Ичакдаги аскаридани тушириш мақсадида сурги дорилар ва антигельминтлар ишлатилади. Аскарида тухумини юқтирмаслик учун санитария ва гигиена қоидаларига қатъий риоя қилиш лозим.

[addtoany]