Атрофия

Атрофия [юн. atropheo – озаяпман] – тўқималар озиқланишининг бузилиши оқибатида аъзоларнинг кичрайиб, ҳужайралар сифатининг ўзгариши. Физиологик ва патологик атрофия тафовут қилинади. Физиологик А. аъзолар фаолиятларининг тўхташи натижасида рўй беради. Чунончи организм ўсишдан тўхтаганда, айрисимон без атрофияланиб, ёғ тўқимаси кўпаяди. Одам кариган сари аъзолар фаолияти сусайиши натижасида безлар ва ички аъзолар ҳажми кичраяди, тери эластиклиги йўқолиб, ажин пайдо бўлади. Патологик А. га турли касалликлар (сил, ўсмалар, заҳарланиш ва бошқа(лар)) сабаб бўлади. Бунда аъзолар ҳажми кичраяди. Атрофия сабаблари йўкотилса, аъзолар асли ҳолига қайтиши мумкин, жумладан, синган суяк битгандан сўнг атрофияланган мушаклар тикланиб, ҳаракат меъёрлашади. Атрофиянинг олди олинмаса, ҳаёт учун хавф туғдириши мумкин, масалан, кўз нерви А. си кўрликка, мушаклар А. си фалажликка, жинсий безлар А. си жинсий қбилиятнинг сусайиши (фарзанд кўрмасликка) сабаб бўлади.

Загрузка...