Бактериофаглар [бактериячар ва юн. phegos – емирувчи] – бактерияларни ютиб, емириб, йўқ қилиб юборадиган вируслар; бактериялар кушандаси. 1917 й. француз олими Ф. Д’Эрелл бактериал фильтрлардан ўтиб кета оладиган, эритиш қобилиятига эга мавжудоларга «бактериофаг» деб ном берган. Н. Ф. Гамалея бу жараённи биринчи бўлиб кузатган (1898). Микроорганизмлар бор жойда бактериофаглар ҳам, албатта, бўлади. Уларнинг диаметри 45-140 нм бўлган думалокроқ ёки олтибурчак шаклидаги бошчаси ва ўз. 100-600 нм келадиган думи бор. Боши ва дум қобиғи оқсил моддадан ташкил топган. У бактерия ҳужайрасига ўсимтаси билан ёпишиб олади (адсорбция), сўнгра бошчасидги нарса ҳужайра ичига кириб бориб, янги фаг заррачаларини ҳосил қилади. Оқибатда ҳужайра емирилиб (лизис), янги бактериофаглар атрофга ажралади. Вирулентли ва мўътадил (симбиотик) турлари фарқ қилинади. Биринчиси ҳужайраларни емириб (лизис), янги заррачалар ҳосил қилади. Бошқалари ҳужайра ичига кирса ҳам уни эритиб юбормайди (профаг). Мўътадил фаг тутган бактериялар лизоген бактериялар дейилади. Унинг айримлари ғоят специфик хусусиятга эга, яъни микробнинг фақат бир турига таъсир кўрсатади (монофаг). Бошқа бактериофаглар ҳар хил турдаги ҳужайраларни эритиб юборади (полифаг). Микробларнинг ўзгарувчанлиги ва эволюциясида бактериофаглар муҳим аҳамиятга эга. Ҳамма бактериофаглар оқсил ва нуклеин кислоталардан ташкил топган бўлиб, шу кислоталар турига қараб, ДНК ва РНК тутувчи бактериофагларга бўлинади. Бактериофаглар шифобахш ва касалликларнинг олдини олувчи восита сифатида хам қўлланилади. Юқумли касалликлар (дизентерия, ич терлама ва бошқа(лар))га ташхис қўйишда, бемор организмидан ажратиб олинган бактерия хилини аниқлашда хам улардан фойдаланилади.
[addtoany]