Бавосир, геморрой – тўғри ичакнинг пастки қисми, хусусан, орқа чиқарув йўли веналарининг тугун-тугун бўлиб кенгайиши. Итоксикация, аллергия, механик таъсиротлар: веналарнинг ўсма, аёлларда ҳомилали бачадон билан эзилиши, узоқ муддат оёқда юриб ёки ўтириб ишлаш, овқатга ружу қилиш, алкоголизм, сурункали қабзият, шунингдек, ички аъзоларнинг турли касалликлари ва бошқа(лар) сабаб бўлади. Бавосир авж олишида ирсий мойиллик ҳам маълум аҳамиятга эга. Кечишига кўра ўткир, сурункали, кайталайдиган, тугунлар орқа чиқарув тешигда жойлашишига қараб ташқи, ички ва аралаш хиллари тафовут қилинади. Орқа чиқарув йўли соҳасида бирор нарса тиқилгандек оғирлик, ачишиш, Қичишиш, баъзан ҳожат чоғида оғриқ кузатилади; кейинчалик геморроидал қон кетиши мумкин (нажасда қон бўлади). Агар бавосирда геморроидал тугунлар тикилиб қолса ёки ялиғланса, қаттиқ оғриқ беради, ҳарорат кўтарилади, қабзият кузатилади. Вақтида олди олинмаса, узоқ вақт қон кетиб юриши – камқонликка, ички геморроидал тугунлар тушиши ёки кислишига олиб келади.
Бавосирни даволашда ванна қабул қилиш, оғриқ қолдирувчи шамча қўйиш тавсия этилади, парҳез буюрилади. Оғирроқ ҳолларда жарроҳлик усули қўлланилади.
Бавосирнинг олдини олиш учун кабзиятга йўл қўймаслик; ҳожатдан кейин орқа чиқарув тешиги соҳасини илик сув билан ювишга одаланиш, кам ҳаракат кишилар бадан тарбия билан шуғулланишлари лозим.
[addtoany]