Балчиқ билан даволаш

Балчиқ билан даволаш, пелотерапия – торфли, сульфидли, сапропел ва бошқа(лар) турдаги балчиқлар (пелоидлар)ни даво мақсадида ишлатиш. Торфли балчиқ, асосан, чириган органик моддалар ва ўсимлик қолдиқларидан иборат. Сульфидли балчиқ – анчагина миқдорда сульфидлар, хусусан, темир сульфид сақлаган шўр сув ҳавзаларининг органик минерал балчиқ катламларидир. Сапропеллар эса чучук сувли ҳавзаларда ҳосил бўладиган оз-моз минерал моддалар аралашган органик таркибли балчиқ қатламидан иборат бўлади.

Исталган шифобахш балчиқ иссиқни узоқ вақт сақлаб туради ва аста-секин уни баданга беради. Бунда иссиқлик олишдан ташқари, терининг кимёвий таъсирланиши ва тери орқали организмга бевосита кирадиган балчиқдаги водород сульфид, аммиак ва газсимон моддалар таъсири ҳам муҳим аҳамиятга эга. Шифобахш балчиқ терининг нерв охирларига, олий нерв марказлари орқали нерв тизими фаолиятига, қон айланишига, ички секреция безларга, моддалар алмашинувига рефлектор таъсир кўрсатади. Балчиқ билан даволаш тананинг зарарланган соҳасида ёки аъзода қон айланишининг кучайишига, яллиғланиш ўчокларининг сўрилиб кетишига, моддалар алмашинувининг яхшиланишига, тикланиш жараёнларининг тезлашувига, ички секрекция безлари фаолиятининг барқарорлшувига имкон беради. Балчиқ билан даволашда, асосан, аппликация усули – бемор баданига (умумий аппликация), боши ва юрак соҳасидан ташқари, танасининг айрим қисми ёки соҳасига (маҳаллий аппликация) шифобахш балчиқ қўйилади, орадан маълум вақт (10-15 мия.) ўтгач, илиқ сувда ювиниб, бироз дам олинади. Айрим касалликларда, масалан, гинекологик касалликларда балчиқли тампонлар кинга, эркакларда уролгик касалликларда тўғри ичакка киритилади.

Б. билан д. сурункали касалликларда, суяк, мушак ва бўғим шикастларида, периферик нерв тизими касалликларида, аёл ва эркаклар жинсий аъзолари яллиғланганда, қорин бўшлиғидаги айрим касалликлар ва яллиғланиш асоратларини тугатишда қўлланилади.

Балчиқ билан даволаш бутун организмга таъсир қиладиган кучли восита бўлиб, ундан шифокор кўрсатмаси ва назорати остида фойдаланиш лозим. Балчиқ муолажалари қабул қилишда белгиланган қоидаларга қатъий риоя қилиш зарур.

[addtoany]