Бальнеотерапия

Бальнеотерапия [бальнео… ва терапия] – табиий ва сунъий тайёрланган минерал сувлар билан даволаш. Беморларга бўйсинадиган минерал сувнинг физик-кимёвий хоссаси ва таркиби ҳар хил бўлади. Ундаги газлар, туз эритмалари, микроэлементлар ва бошқа(лар) моддалар одам организмига физиологик ва шифобахш таъсир қилади. Минерал сув, асосан, ванна сифатида ва ичиш учун буюрилади. Ундан фойдаланишда умумий ва маҳаллий ванналар, душ, бассейнларда чўмилиш, оғиз, бурун, томоқни чайиш, ингаляция, меъда-ичакларни ювиш каби усуллар кенг тарқалган. Минерал сувларнинг шифобахшлги улар таркибида карбонат ангидрид, водород сульфид, азот, радиоактив модда – радон ва бошқа(лар) минерал тузлар борлигига асосланган. Минерал сувли ванналар организмдаги физиологик ва биологик жараёнларга тери рецепторлари, нафас йўлларидаги рецепторлар орқали механик, термик, кимёвий ва радиацион таъсир кўрсатади. Газли минерал сув ванналари таркибидаги кимёвий бирикмалар ва пуфакчалар тери орқали кўпроқ таъсир этади. Минерал сув ичилганда меъда-ичак йўлининг шиллиқ пардасига ҳарорати, минерал моддалари ва газлари билан таъсир кўрсатади. У овқатдан бироз олдин ичилса, меъдадан шира чиқиши тезлашади, 1-2 соат илгари ичилганда эса секинлашади. Шу боис меъдадан шира чиқиши камайгада овқатдан бироз олдин, ошиб кетганда эса овқатдан 1-1,5 соат илгари ичилади. Минерал сув меъда-ичак фаолиятигагина эмас, балки бутун организмдаги моддалар алмашинувига, қон айланишига таъсир қилади. Иссиқ сув томир уришини тезлаштирса, совуқ сув секинлаштиради ва томир тонусини кучайтиради. Организмда сув, кислота-ишқор мувозанатини, оқсилларнинг коллоидал хусусияти ва дисперлигини, ҳужайраларнинг сув бириктира олиш хусусиятини ўзгартиради, организмдаги тузлар мувозанати хам бир кадар ўзгаради. Бальнелогик курортларда табиий карбонат ангидридли, водород сульфидли, радонли, йод-бромли, хлорид ва натрийли тузлари бўлган минерал булоқ сувларидан даво сифатида фойдаланилади. Бальнеотерапия шифокор билан маслахатлашиб, унинг кўрсатмаларига қатъий амал қилган ҳолда, кўпинча, балчиқ билан даволаш, иқлим билан даволаш ва парҳез каби комплекс даво усуллари билан бирга амалга оширилади.

[addtoany]