Барьер функция – одам ва ҳайвонлар организмининг ўз ички муҳитини (қон, лимфа ва тўқима суюқлигини) ташқи таъсирлардан ҳимоя қилиши, шу муҳитни (таркиби, кимёвий, физик ҳамда биологик хоссаларини) нисбатан бир меъёрда сақлай олиши. Организм бу фаолиятни барьерлар деб аталадиган махсус физиологик механизмлар ёрдамида амалга оширади. Улар шартли равишда ташқи (тери, шиллиқ пардалар, нафас, айириш ва овқат ҳазм қилиш аппаратлари) ҳамда ички гистогемтик ва гематоэнцефалик барьерларга бўлинади. Гистогематик барьерлар аъзо ва тўқималарда қон билан тўқима оралиғида жойлашган. Шу барьерлар орасида жигар барьери, айниқса, муҳим. Ичакда ҳосил бўлиб, ундан қонга ўтадиган баъзи заҳарли моддаларни жигар барьери зарарсизлантириб туради. Барьер функция ҳам бошқа мослашув механизмлари сингари эволюция жараёнида такомиллашган. Аъзо ва тўқималарнинг бактерияларга, токсинларга, моддалар алмашинувининг бузилиши натижасида ҳосил бўлган маҳсулотларга, ёт моддалар ва дори-дармонларга сезгирлиги барьер функцияга боғлиқ. Барьер функциядан гематоэнцефалик барьер (қон билан мия оралиғидаги), гематоофтальмик барьер (қон билан кўз тўқималари оралиғидаги), плацентар барьер (она организми билан ҳомила оралиғидаги) ва бошқа(лар) батафсил ўрганилган.
[addtoany]