Барокамера

Барокамера – барометрик босимни сунъий равишда ўзгартиришга имкон берувчи герметик камера. Паст босимли (вакуумли), юқори босимли (компрессион), муқим (стационар) ва кўчма турлари бўлади. Энг кўп тарқалган тури паст босимли барокамера; унда босимни атмосфера босимидан бошлаб мм сим. уст. улушларигча (1 мм сим. уст. = 133,322 н/м2) ўзгартириш мумкин. Барокамера ҳажми м3 улушларидан бир неча юз м3 гача. Паст босимли барокамерадан космик тиббиётда Ер атмосферасининг юқори қатламларида юз берадиган турли ҳодисаларнинг инсон ва ҳайвонлар организмига таъсирини ўрганишда, баландлик машкларини ўтказишда, космосда ишлатиладиган жиҳоз ва асбобларни синашда фойдаланилади. Ички ҳароратни ўзгартирса бўладиган барокамера термобарокамера дейилади.

[addtoany]