Бленнорея [юн. blennos – шилимшиқ ва rheo – оқаман] – кўз шиллиқ пардаси (конюнктива)га гонококклар тушиши натижасида унинг ўткир йирингли яллиғланиши. Чақалоқлар, болалар ва катталар бленнореяси фарқ қилинади. Чақалоқларга сўзак (гонорея) билан оғриган онадан туғруқ вақтида ёки болани парвариш қилиш вақтида ишлатилган буюмлардан юкди. Бленнорея кўпроқ қиз болаларда кузатилади; шахсий гигиена қоидаларига риоя қилмаслик сабабли касаллик онадан қизга ўтади. Катталарга эса аксари микроблар билан ифлосланган қўлдан юқади, одатда, битта кўз зарарланади. Бленнореяда қовоқ, кўз шиллиқ пардаси шишади, териси қизаради; кўздан йиринг оқа бошлайди; баъзан қон аралаш бўлади; кўзнинг мугуз пардаси зарарланади. Шиллиқ парданинг қаттиқ шишиши, кўп йиринг оқиши мугуз парданинг яраланшига, оқ тушишига ва кўришнинг кескин ёмонлашувига олиб келади. Ҳозир бу касаллик кам учрайди. Бленнореяга гумон қилинганда дарҳол шифокорга мурожаат этиш ва тузалгунча даволаниш лозим.
Давоси: антибиотиклар, сульфаниламид препаратлар буюрилади, кўз дезинфекциялочи эритмалар билан бот-бот ювиб турилади. Касалликнинг олдини олишда санитария ва шахсий гигиена тартибларига қатъий амал қилиш, сийдик-таносил аъзоларида сўзак бўлса, ўз вақтида даволатиш, ҳомиладор аёлнинг туғруқ йўлларини текширувдан ўтказиш, шунингдек, бола туғилиши билан унинг кўзларига пенициллин ёки альбуцид эритмаси томизиш лозим.
[addtoany]